Жаҳон | 10:19 / 01.09.2023
10729
3 дақиқада ўқилади

HRW: Саудия Арабистонида 54 ёшли ўқитувчи твитлари учун ўлимга ҳукм қилинди

Саудия Арабистонида ўқитувчи ва қувғиндаги фаолнинг укаси фақат Twitter ва YouTube’да фаол бўлгани учун ўлимга ҳукм қилинди. HRW мухолифатчилар учун босим кучайганини билдирди.

Фото: AFP

Саудия Арабистонида 54 ёшли пенсиядаги ўқитувчи Муҳаммад ал-Ғамдий ижтимоий тармоқдаги постлари учун ўлимга ҳукм қилинди. 29 август, сешанба куни Human Rights Watch инсон ҳуқуқлари ташкилоти хабарига кўра, суд ал- Ғамдийни фақат Twitter ва YouTube’даги позициясига асосланиб, ҳукуматга қарши тил бириктириш ва давлат институтларига путур етказишда айбдор деб топди

Унинг маълумотларига кўра, Саудия Арабистонининг жиноят ишлари бўйича ихтисослаштирилган суди 10 июл куни қарор қабул қилган. Судланувчининг айбига далил сифатида унинг твитлари, ретвитлари, шунингдек, YouTube’даги фаоллигига эътибор қаратилди. Судга кўра, ал-Ғамдий «қирол ва валиаҳд шаҳзодани дин ва қонунларга путур етказувчи шаклда таърифлаш», террорчилик ташкилоти билан алоқадорлик ва «террорчилик жиноятини содир этиш ниятида» фейкларни чоп этишда айбдор ҳисобланади. 

HRW мухолифатга қарши тазйиқ кучайганини маълум қилди 

Human Rights Watch подшоҳликни ҳукмни бекор қилишга чақирди, у «сўз эркинлиги ва тинч сиёсий норозиликка қарши босим кучайиб бораётганини» акс эттиради. «Саудия Арабистонидаги тазйиқлар янги босқичга етди, бунда суд твитларнинг ўзи учун ўлимга жазосига ҳукм қиляпти», — деди HRW’нинг Саудия Арабистони бўйича эксперти Жои Ши. У мамлакат расмийларини «бу адолат пародиясини рад этишга» чақирди. 

Муҳаммад ал-Ғамдий 2022 йилнинг июн ойида Маккадаги уйи яқинида қўлга олинган ва Жидда шимолидаги ал-Даҳбон қамоқхонасига жойлаштирилган, у ерда тўрт ой давомида бир кишилик камерада сақланган ҳамда адвокат ва қариндошлари билан учраштирилмаган. Кейинроқ у Ар-Риёддаги ал-Хайр қамоқхонасига кўчирилган. 

Муҳожирликдаги мухолифатчининг укаси

Муҳаммад ал-Ғамдий ўзини сиёсий фаол ёки инсон ҳуқуқлари фаоли деб ҳисобламайди, бироқ Саудия ҳукумати ҳақида маълум бир хавотир билдирувчи шахс сифатида таърифлайди, дея хабар беради HRW бу масаладан хабардор одамларга таяниб. Маҳкум Саудия Арабистони ҳукуматини танқид қилган таниқли исломшунос олим, Буюк Британияда қувғинда яшаётган Саид бин Носир ал-Ғамдийнинг укасидир. Унинг сўзларига кўра, ўлим ҳукми расмийларнинг мамлакатга қайтаришга бўлган муваффақиятсиз уринишларидан сўнг шахсан ундан қасос олиш мақсадида чиқарилган. 

Human Rights Watch ташкилотига кўра, Саудия ҳукумати сўнгги йилларда хориждаги танқидчилар ва диссидентларнинг оилаларига қарши кўпроқ чора кўрмоқда ва уларни қайтишга мажбурламоқда. Ал-Ғамдийга чиқарилган ҳукм ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларига қарши очилган қатор ишларнинг энг қаттиғи ҳисобланади. 

Amnesty International инсон ҳуқуқлари ташкилотига кўра, Саудия Арабистони энг кўп ўлим жазоси чиқарилган давлатлардан биридир. 

Мавзуга оид