Лукашенко «Вагнер» жангчиларини чиқариб юборишдан бош тортди
Беларус раҳбари Полша, Литва, Латвия ва Эстония Ички ишлар вазирлиги раҳбарларининг «вагнерчиларни» ўз мамлакатидан олиб чиқиб кетиш ҳақидаги чақириғини асоссиз деб атади. Тўрт давлат вазирлари Минскка чегарани бутунлай ёпиш билан таҳдид қилди.
Беларус раҳбари Александр Лукашенко Россиянинг «Вагнер» ХҲК жангчиларини ўз мамлакатидан чиқариб юборишдан бош тортди. У Полша ва Болтиқбўйи давлатларининг тегишли мурожаатларини «асоссиз ва аҳмоқона» деб атади. Бундан ташқари, Беларус Хавфсизлик кенгашининг 31 август, пайшанба куни бўлиб ўтган йиғилишида Лукашенко қўшни Европа Иттифоқи давлатларини мудофаа бюджетларини оширишда ва «йирик ҳарбий тузилмалар»ни Беларус билан чегарага тортишда айблади.
«Жавоб оддий: Полшада ҳам, Литвада ҳам, бошқа Болтиқбўйи давлатларида ҳам битта хорижлик ҳарбий хизматчи бўлмаслиги керак. Шунда бизга ҳам бу ерда бошқа давлатлар ҳарбийлари борлиги ҳақида гапириш мумкин бўлади», - дея Лукашенконинг сўзларини келтиради БелТА.
Полша ва Болтиқбўйи давлатлари Лукашенкони «вагнерчилар»ни мамлакатдан чиқариб юборишга чақирди
Полша, Литва, Латвия ва Эстония ички ишлар вазирлари 28 август куни Варшавада бўлиб ўтган учрашув якунлари бўйича қўшма баёнотда Минск ҳукуматини у ерда жойлашган россиялик ёлланма аскарларни Беларусдан зудлик билан олиб чиқишга, шунингдек, ноқонуний муҳожирларни ўзларининг келиб чиқиш мамлакатлари билан чегарадош ҳудудларга юборишга чақирди. Улар чегарада қурол қўллаш билан боғлиқ воқеа содир бўлса ёки муҳожирлар кўп миқдорда келса, Беларус билан чегарадаги барча назорат-ўтказиш пунктлари ёпилиши ҳақида огоҳлантирган.
Шу куни Беларус мухолифати етакчиларидан бири Павел Латушко ўз манбаларига таяниб, Беларусдаги «Вагнер» жангчиларига янги паспортлар берилганини маълум қилди. Тахминан бир ой давомида исм ва фамилиялар ўзгартирилган ҳужжатлар «вагнерчилар»га берилган, деди у Полшанинг PAP агентлигига интервюда. Латушконинг сўзларига кўра, бу амалиёт қўпорувчилик ва терактлар тайёрлаш билан боғлиқ бўлиши мумкин. Унинг сўзларига кўра, Беларусда бир неча минг ХҲК жангчилари қолмоқда, Александр Лукашенко эса уларнинг кўп сонини қўллаб-қувватлаш учун етарли молиявий ресурсларга эга эмас. Шу боис, уларнинг бир қисми Африкага кетади, бошқалари Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома тузади, қолганлари эса ё бўшаб кетади ёки Беларусда қолади, деди Латушко.
Хусусий ҳарбий компания асосчиси Евгений Пригожиннинг муваффақиятсиз исёнидан сўнг Беларусга кўп сонли «Вагнер» жангчилари келгани ҳақидаги хабарлар муносабати билан Европа Иттифоқининг Беларус билан чегарадош давлатлари умумий чегара ўтиш жойларини ёпмоқда ва чегара ҳудудларидаги қўшинлар гуруҳларини мустаҳкамламоқда. Хусусан, Литва август ойида олтита назорат пунктидан иккитасини ёпди. Пригожиннинг 23 август куни Твер вилояти узра самолётининг қулаши пайтида ҳалок бўлиши Полша ва Болтиқбўйи давлатларининг режаларига таъсир қилмайди, деди Полша бош вазири Матеуш Моравецкий.
Мавзуга оид
01:38 / 19.11.2024
Лукашенко 21 нафар собиқ кучишлатар тизимлар вакилларини унвонидан маҳрум қилди
20:18 / 16.11.2024
Лукашенко Беларус уйсизлар ва текинхўрлар билан «жиддий курашиши»ни айтди
20:49 / 11.11.2024
Беларус расман БРИКС бўйича шерик давлат мақомини олди
22:17 / 07.11.2024