08:02 / 01.09.2023
2667

Мисрнинг энг йирик молия-саноат корпорацияси Ўзбекистонга сармоя киритишни режалаштиряпти

Энергетика, сув таъминоти, металл ва кимё маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳаларидаги ҳамкорлик масаласи кўриб чиқиляпти.

Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов Hassan Allam Holding компанияси ижрочи директори Маҳмуд Эл-Эссавий билан музокаралар ўтказди.

Унда асосий эътибор компания тажрибаси ва инвестицияларини жалб қилиш истиқболлари ва мамлакатимиз иқтисодиётининг муҳим тармоқларида лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга қаратилди.

Миср томони Ўзбекистонда қўшма лойиҳаларни ҳаётга татбиқ қилишда иштирок этишга тайёрлигини билдирди. Хусусан, энергетика, сув таъминоти, металл ва кимё маҳсулотлари ишлаб чиқариш каби соҳалардаги ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди.

Учрашув якунида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича қўшма «Йўл харитаси»ни имзолаш ва эришилган келишувларни бажаришга киришиш юзасидан компания бош директорининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш масаласи келишиб олинди.

Hassan Allam Holding 1936 йилда ташкил этилган. Компания Мисрдаги энг йирик молиявий ва саноат корпорацияларидан бири ҳисобланади. Сўнгги 5 йил ичида у Яқин Шарқ ва Африка мамлакатларида 70 та лойиҳани муваффақиятли амалга оширди. Forbes компанияни 100 та энг яхши араб оилавий корхоналар рейтингига киритган. Активлари 8 миллиард доллар, ишчилар сони эса 45 минг нафар ходимни ташкил қилади.

Top