Ўзбекистон | 17:52 / 02.09.2023
25008
2 дақиқада ўқилади

Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари огоҳликка чақирилди

Мигрантлардан Россия ва Украина ўртасидаги зиддиятли ҳудудларга ишлаш мақсадида бормаслик, ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмаслик сўралди.

Фото: Владимир Смирнов / ТАСС

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат мигрантларини огоҳликка чақирди.

«Сўнгги кунларда Россия ва Украина ўртасидаги ҳарбий ҳаракатлар ҳамда ушбу давлатлар ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари билан боғлиқ турли хабарлар тарқалмоқда. Шу муносабат билан, Россия ҳудудида вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқароларидан Россия ва Украина ўртасидаги зиддиятли ҳудудларга ишлаш мақсадида бормасликни, ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмасликни сўраймиз», дейилади хабарда.

Агентлик Ўзбекистон Жиноят кодексида чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга ёлланиш 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши кўзда тутилганини эслатди.

Аввалроқ, Россиянинг бир қанча шаҳарларида Россия армиясига хизматга қабул қилиш тўғрисида ўзбек, тожик ва қозоқ тилидаги эълонлар пайдо бўлганди. Хизматга боришни истаганларга пул мукофоти, Россия фуқаролигини соддалаштирилган тартибда олиш ваъда қилинган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид