Боку, Тбилиси, Истанбул, Москва ва Минск халқаро аэропортлари Тошкентдаги каби шаҳарнинг марказида эмас. Бу шаҳарларга самолётда учган киши борки, албатта қўнган аэропортидан чиққач шаҳар марказигача маълум масофа йўл юришига тўғри келади. Kun.uz мухбири ушбу шаҳарлардаги аэропортлардан шаҳарнинг марказигача қандай қилиб осон ва арзон етиб олиш ҳақида тавсиялари билан бўлишди.
Рўйхатимиздаги илк давлат – Озарбойжон
Дунёнинг энг гўзал 5 юлдузли аэропортларидан бири Боку тайёрагоҳидан шаҳарга чиқишдан олдин, энг аввало, пулларимизни айирбошлаб олишимиз керак. Аэропортларда валюта курслари сотиб олишда жуда қиммат, сотишда эса жуда паст нархларда бўлади. Шу сабабли ёнингизда 10 ёки 20 долларлик купюра бўлса, фойдадан холи бўлмайди. Қолган пулларингизни шаҳарга етиб олгач, яхшироқ қийматларда алмаштириб олаверасиз.


Шаҳар марказигача 20 кмдан ошиб қоладиган масофа учун такси хизматлари жуда қиммат. Лекин қулай транспортлар ҳам йўқ эмас. Тайёрагоҳ қаршисидан Бокунинг “28 май” метро бекатигача қатновчи экспресс автобуслар ҳар соатда йўлга чиқади. Ушбу транспорт хизматидан фойдаланиш шаҳарга етиб олиш учун энг чўнтакбоп усулдир. Фақат унга чиқиш олдидан аэропортда “Боку” транспорт картасини харид қилиш керак бўлади.

Карта учун 2 манат ёки 14 минг сўм, экспресс автобус хизмати учун эса 1,3 манат, яъни 9 минг сўм – жами 3,3 манат ёки ўзбек сўмида тахминан 23 минг сўм билан Озарбойжон пойтахтига ярим соатда етиб борасиз.
Кейинги манзил – Гуржистон
Тбилиси аэропортидан ҳам 20 АҚШ долларича қийматдаги пулни Гуржистон ларисига айирбошлаб оламиз. Терминалдан чиқиб, ўнг томонга юрсак, бекатдан 337-рақамли автобус бизни пойтахт марказига элтиб қўяди ва бунда Бокудагидек шаҳар транспорт картаси талаб этилмайди. Ё VISA пластик картаси, ёки автобус ҳайдовчисидан нақд пулга сотиб олинадиган чипта билан шаҳарга етиб оласиз.

























