Жаҳон | 12:43 / 04.09.2023
10997
3 дақиқада ўқилади

ЖАР: Россияга қурол етказиб берилганига оид далиллар топилмади

ЖАР президенти АҚШ элчисининг айбловларидан сўнг олиб борилган тергов якунланганини эълон қилди. Россияга қурол экспорт қилиш белгилари топилмади, деди Рамапоса.

Фото: Reuters

ЖАРда Россияга қурол-яроғ етказиб берилганига оид эҳтимолий далиллар топилмади. Тергов комиссияси 2022 йил декабр ойида ушбу мамлакатда Россия кемасига қурол ёки ўқ-дорилар ортилгани бўйича маълумот юзасидан ҳеч қандай далил топмади. Аввалроқ АҚШ элчиси Рубен Брижити кемага қурол ортилгани ҳақида маълум қилганди. Бу ҳақда ЖАР президенти Кирил Рамапоса 3 сентябр, якшанба куни кечқурун хабар берди

«Қурол экспорти учун лицензия берилмаган, қурол экспорт қилинмаган», - дея таъкидлади у. Шу тариқа, айбловлар тасдиқланмади ва улар ҳақида маълум қилганлар ўз даъволарини асослаб бера олмади, деди Жанубий Африка Республикаси раҳбари халққа мурожаат қилиб. Унинг сўзларига кўра, ҳукумат комиссиянинг қисқача хулосаларини яқин вақт ичида эълон қилади. Тўлиқ ҳисобот «ҳарбий характердаги махфий маълумотлар»ни ўз ичига олганлиги сабабли ошкор этилмайди.

АҚШнинг ЖАРдаги элчиси бу давлатни Россияга қурол етказиб беришда айблади

Май ойида АҚШнинг Преториядаги элчиси Рубен Брижети ЖАР ҳукуматини Россияга қурол ва ўқ-дорилар етказиб беришда айблаган эди. Унинг сўзларига кўра, бу қуроллар Россияга декабр ойи бошида Кейптаун яқинидаги Саонестаун денгиз портига боғлаб қўйилган Россиянинг санкция остидаги «Леди Р» («Lady R ») юк кемасида етказилган. Dpa агентлиги маълумотларига кўра, элчи бу ҳақиқат эканига тўлиқ ишонган ва ҳатто бу рост ахборот деб қасам ичган.

Вашингтон воқеа юзасидан хавотир билдирди. «Қўшма Штатлар ўтган декабр ойида Россиянинг санкция остидаги юк кемаси ЖАРдаги ҳарбий портга кирганидан жиддий хавотирда», — дея маълум қилди Давлат департаменти матбуот котиби ўринбосари Ведант Пател. Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок бу хабарларни «безовта қилувчи» деб атади. Россияга қурол етказиб берувчилар Украинадаги ҳарбий ҳаракатларни узайтирмоқда, деди у. Жанубий Африка Республикаси президенти расмийлар воқеа юзасидан тергов олиб бораётгани тўғрисида маълум қилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид