Жаҳон | 13:38 / 05.09.2023
13691
3 дақиқада ўқилади

Ҳавана: Россия-Украина урушига кубаликларни ёллаган тармоқ фош этилди

Кубаликларни ёллаган тармоқ фаолияти фош этилди, унинг аъзоларига нисбатан жиноий иш қўзғатилди, дея маълум қилди Куба ТИВ. Унинг таъкидлашича, Ҳавана Украинага қарши урушда қатнашмаяпти.

Фото: РИА Новости

Куба ҳукумати ушбу мамлакат фуқароларини Россия-Украина урушида қатнашиш учун ёллашда гумон қилинаётган тармоқни аниқлади. Куба Ички ишлар вазирлиги «Россиядан фаолият юритувчи, у ерда яшовчи кубаликларни ва ҳатто Кубадаги фуқароларни Украинадаги ҳарбий амалиётларда қатнашаётган қуролли кучларга ёллаш бўйича тармоқни зарарсизлантириш ва тугатиш устида ишламоқда», - дейилади Куба ТИВнинг 4 сентябр, душанба кунги баёнотида.

Ҳавана, шунингдек, ёллаш уринишлари тўхтатилгани ва унга алоқадор шахсларга нисбатан жиноий иш очилгани ҳақида хабар берди. «Кубанинг душманлари мамлакат обрўсига путур етказиш ва уни бу ҳаракатларга шерик сифатида кўрсатиш мақсадида бузиб кўрсатилган маълумотларни тарқатмоқда, биз буни қатъиян рад этамиз», — дейилади баёнотда. 

Куба «Украинага қарши урушда қатнашмаяпти» 

Ташқи ишлар вазирлиги бу мамлакат «Украинага қарши урушда қатнашмаётгани», шунингдек, «қатъий ва аниқ тарихий позицияни эгаллаб тургани», бу ёллаш фаолиятини рад этиши ҳамда ва унга қарши миллий даражада ҳам, БМТ даражасида ҳам кураш олиб борилаётганини билдирди. Хусусан, Куба Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан маъқулланган ёллаш бўйича фаолиятга қарши бир қанча ташаббуслар муаллифи бўлган. 

Кубаликларни ҳар қандай давлатга қарши жанговар ҳаракатларга жалб қилиш мақсадида Кубада ёллаш мақсадида одам савдосининг ҳар қандай шакли билан шуғулланувчиларга қарши Ҳавана расмийлари саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда ва қатъий ҳаракат қилишда давом этади, деб ишонтирди Куба ТИВ. 

Москва ҳозирча бу айбловларга изоҳ бермади. Сўнгги пайтларда Куба ва Россия ўртасидаги икки томонлама муносабатлар фаоллашди. Куба президенти Мигел Диас-Канел 2022 йил охирида Москвага ташриф буюриб, россиялик ҳамкасби Владимир Путин билан учрашди. Июн ойида Куба мудофаа вазири Алваро Лопес Миера Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу томонидан қабул қилинган эди. 

Мавзуга оид