Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШ 2023 йил учун грин-карта беришни якунлади
DV-2023 дастури доирасида 3100 дан ортиқ ўзбекистонлик виза учун суҳбатга киришга муваффақ бўлди. Грин-карта ютган ўзбекистонликлар сони эса 5 мингдан ортиқ бўлгани тахмин қилинади.
АҚШ ҳукумати 2023 йил учун грин-карта бериш жараёнини якунлади. Бу ҳақда Қўшма Штатларнинг Ўзбекистондаги элчихонаси хабар берди.
Шу боис, 2023 йилги DV дастури бўйича суҳбатлар бутун дунё бўйлаб, жумладан Ўзбекистон учун ҳам тўхтатилди.
«АҚШ ҳукумати 2023 йилги DV дастури учун белгиланган барча иммиграцион визаларни тақдим этди. Сентябр ойининг қолган кунларига белгиланган DV дастури бўйича суҳбатлар бутун дунё бўйлаб, жумладан Ўзбекистонда хам бекор қилинди. DV-2023 дастури бўйича виза учун суҳбатдан ўтган, аммо виза олмаган мурожаатчилар энди виза олиш ҳуқуқига эга эмас», дейилади баёнотда.
Элчихона 6 сентябрдаги хабарида DV дастури доирасида 3100 дан ортиқ аризачи билан суҳбатлар ўтказилганини маълум қилган. Маълумот учун, DV-2022 дастурида ғолиб деб топилган Ўзбекистон фуқаролари сони 5511 нафарни ташкил этганди. Ўтган йили улардан қанчаси виза ололгани маълум эмас.
АҚШ Давлат департаменти сайтига жойланган бу борадаги охирги ҳисобот 2017 молия йилига оид бўлиб, унда ўша йили 3199 нафар Ўзбекистон фуқаросига DV дастури доирасидаги виза берилгани қайд этилган.
Турли миллат вакиллари учун виза лотереяси 1990 йилги иммиграция тўғрисидаги қонунга асосан ишлаб чиқилган лойиҳа ҳисобланади. Лойиҳа тарихан АҚШга миграция кўрсаткичлари кам бўлган миллат вакилларига Америкага кўчиб келиб яшаш имконини беришга қаратилган.
Ҳар йили 55 мингта виза учун дунё бўйлаб 20 миллиондан кўпроқ одам ариза топширади. Одатда визалар сонидан анча кўпроқ аризачилар лотерея ғолиби деб топилади, шунга кўра ғолиб чиққанларнинг фақат ярмидан кўпроғи якунда визани қўлга киритади.
Мавзуга оид
09:59
«Apache» вертолётини Эрон дрони уриб туширгани маълум бўлди. АҚШ ва Эрон яна зарбалар алмашди
09:30
«Артемида-3» учун астронавтлар танланди
09:15
АҚШ Конгресси миграция хизмати учун 70 миллиард доллар ажратди
21:33 / 09.06.2026