4 сентябр куни Россиянинг Сочи шаҳрида бўлиб ўтган Эрдўған ва Путин учрашуви дунё сиёсий ҳамжамиятининг эътибор марказида бўлди. Лекин учрашувда кўзланган натижага эришилмади ва Россиянинг дон битимига қайтиши ҳозирча амалга ошмади. Kun.uz мухбири учрашувнинг муҳим нуқталари ҳақида сиёсатшунослар Фарҳод Толипов ва Камолиддин Раббимовга юзланди.
— Туркия ва Россия президентларининг ўзаро учрашуви аввалига Истанбулда ўтиши айтилган эди, лекин давлат раҳбарлари Сочида учрашди. Бунинг сабаби нима?
Фарҳод Толипов: Сиёсатда майда икир-чикирлар ҳам рамзий маънога эга. Бу ўзгаришда ҳам қанақадир маъно бордир, деган тахмин қилиш мумкин. Фақат тахмин бўлади, чунки бу ҳақида аниқ баёнот ёки изоҳлар бўлмади. Россия билан бўладиган ҳар қандай жараённи хоҳлаймизми-йўқми, Украинадаги уруш билан боғлаймиз. Асосий контекст шунда. Хулосалар шунга қаратилади.
Менимча, учрашув Туркия президенти ташаббуси билан бўлди. Қўйилган масала ҳам Эрдўған воситачилик қилган дон битимига боғлиқ. Эрдўған масала ҳал бўлиши учун ўзи Россияга боришга тайёрлигини кўрсатгандир эҳтимол. Яна бир тахмин: Ҳаагадаги Халқаро жиноят суди томонидан чиқарилган Путинни ҳибсга олиш ордеридир. Тўғри, Туркия бу суднинг қарорларини қабул қилиш бўйича ҳужжатни ратификация қилмаган. Лекин бошқалардан ажралиб, бемалол келаверинглар, бизда мажбурият йўқ, деса ҳам унчалик тўғри бўлмасди, балки. Туркиянинг халқаро имижига ҳам таъсир қиларди.
Камолиддин Раббимов: Назаримда, контекстни сайлов давридан бошлашимиз керак. Туркиядаги сайловлар пайтида рус пропагандаси ва Кремл тўлақонли Эрдўған тарафида бўлди. Яъни Қиличдор ўғли ҳокимият тепасига келса, Туркия тўлақонли ЕИ ва АҚШ томонига ўтиб кетиши, натижада Россия ва Туркия ўртасидаги келишувлар пучга чиқиши мумкин эди. Путин кўп қутбли дунё шакллантириш ва Вашингтон таъсирини пасайтиришда Эрдўғанни ўзига ҳамфикр деб билар эди.
Сайловдан кейин эса кутилмаганда Эрдўған Украина манфаатлари йўлида бир неча қадамлар ташлади. Бу ҳаракатлар Россия манфаатларига зид бўлди, албатта.
- Келишувга кўра, “Азов” зобитлари Туркияда ушлаб турилиши керак эди, аммо Украинага қайтарилди.
- Эрдўған Туркия Украинанинг НАТОга аъзо бўлишини тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирди.
- Бир йилдан бери Швециянинг НАТОга киришига вето қўйиб келаётган давлат Туркия эди ва энди ветони олиб ташлади.













