Жаҳон | 18:22 / 09.09.2023
8234
2 дақиқада ўқилади

G20 саммити Россия ва Украинадан озиқ-овқат ва ўғит экспортини таъминлашга чақирди

Ҳиндистоннинг Ню-Деҳли шаҳрида бўлиб ўтган G20 саммити якунлари бўйича декларация эълон қилинди.

Фото: GLOBALLOOKPRESS

Декларацияда Украинадаги уруш бўйича блокнинг турли аъзолари ўртасидаги қарашларнинг «фарқ»лиги тан олинади, аммо ядро қуролидан фойдаланиш ёки қўллаш билан таҳдид қилиш эҳтимоли қораланади. Шу билан бирга, G20 етакчилари ҳам Украина, ҳам Россиядан озиқ-овқат ва ўғит экспорт қилиш имкониятини беришга чақирмоқда. Россия-Украина можароси «мулоқот» орқали ҳал қилиниши керак.

Декларация халқаро ҳуқуқ тамойилларига, жумладан, ҳудудий яхлитлик ва суверенитетга риоя қилишга чақиради. Шу билан бирга, у G20 «геосиёсий муаммоларни ҳал қилиш учун платформа эмаслигини» таъкидлайди.

Бундан ташқари, саммит етакчилари «кўп томонлама муносабатлар тизимида янада кенгроқ инклюзивлик ва шаффофлик» зарурлиги, шунингдек, ривожланаётган мамлакатлар жаҳон молиявий-иқтисодий институтларида яхшироқ намоён бўлиши зарурлиги тўғрисида келишиб олди.

Африканинг 55 давлатидан иборат Африка Иттифоқи G20 блокига қўшилишнинг муҳим роли алоҳида таъкидланади. Унинг ташкилотга қўшилиши ҳақида Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди маълум қилди. Илгари фақат Европа Иттифоқи G20'да худди шундай мақомга эга эди.

Шу билан бирга, G20 етакчилари табиий офатлардан кейин инфратузилмани тиклаш бўйича тажриба алмашишга кўмаклашишга тайёр эканликларини билдирди.

«Катта йигирматалик» давлатлари 2030 йилгача вайрон бўлган экотизимларнинг 30 фоизини тиклашга ваъда беришди. G20 давлатлари глобал озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш мажбуриятини олди.

G20 етакчилари бутун дунё бўйлаб вакциналар, малакали тиббий даволаниш ва сифатли диагностикадан тенг фойдаланишга чақирди.

«Катта йигирматалик»нинг навбатдаги йиғилишлари Бразилия (2024), Жанубий Африка (2025) ва АҚШда (2026) бўлиб ўтади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид