Зангиота туманида 2023 йил 29 август куни йўқолган 2 ёшли бола кечга яқин қопқоғи йўқ қудуқдан ўлик ҳолда топилди. Маълум бўлишича бола ўйнаб кўчага чиққан ва қудуққа тушиб кетган. Умуман, Ўзбекистондаги турли шаҳарларда юрганда, тез-тез кўчаларда усти очиқ қудуқларга кўз тушади. Қудуқлар қурилаётганда барчасининг усти қопқоқ билан ёпилади. Хўш, кейин нега уларнинг усти очилиб қолади? Олиб юриш қийин бўлган қопқоқлар нега ва қаерга йўқолади?

Бу саволга жавоб топиш қийинмас, қудуқларнинг қопқоқларини ўғирлаб кетишади. Масалан, Гулистон шаҳар ИИБнинг хабар беришича, яқинда ушбу шаҳар ҳудудида ичимлик ва оқова сувлари кузатув қудуқларига ўрнатилган қопқоқларни ўғирлаш билан шуғулланиб келган шахслар қўлга олинган.

Боёвут туманида яшовчи уч нафар шахс 2023 йил июн-август ойларида Гулистон шаҳридаги тўртта маҳалладан “Сирдарё сув таъминоти” МЧЖга қарашли ичимлик ва оқова сувлари кузатув қудуқларига ўрнатилган 86 дона қопқоқни ўғирлаган.

Сўнг қопқоқларнинг ҳар бирини 480 минг сўмдан, жами 41 млн 280 минг сўмга сотиб юборган ва пулларни шахсий эҳтиёжлари учун ишлатган. 

Ушбу шахслар Гулистондан ўғирланган 60 дона темир қопқоқни Мирзаобод тумани Тошкент маҳалласи ҳудудида жойлашган темир бозорига олиб бориб, фуқаро О.Н.га сотган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан уч нафар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Қарши шаҳар ҳокимлиги ахборот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, 2022 йилда шаҳар ҳудудидан жами 200 га яқин қопқоқ йўқолган.

Жумладан, “Қашқадарё сув таъминот” МЧЖ Қарши шаҳри бўлими томонидан хатлов қилинганда шаҳардаги 107 та ичимлик ва оқова сув кузатув қудуқларининг қопқоқлари йўқолгани (номаълум шахслар томонидан ўғирлаб кетилгани) аниқланган.

Шунингдек, “Қаршишаҳаргаз” газ таъминоти бўлими ва “Ўзтелеком” Қарши шаҳри филиалига тегишли бўлган 80 га яқин қудуқларнинг қопқоқлари йўқолган.

Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ахборот хизматига кўра эса 2022 йилда шаҳарда турли ташкилотларга тегишли бўлган 200 га яқин қопқоқ йўқолган.

Маълум бўлишича, ўғрилар ҳатто кузатув камералари бор жойлардаги қудуқларнинг қопқоқларини ўғирламоқда. Бунда улар давлат рақами ечиб олинган машиналардан фойдаланади ва қопқоқни олаётганда юзларига ниқоб тақиб олади.

Нега қопқоқлар тез-тез йўқолади?

Бунга асосан масъул ташкилотларнинг ҳолатга панжа орасидан қарашлари сабаб бўлмоқда. Яъни улар учун қопқоқ ўғирлаш жиддий жиноят ҳисобланмайди ва бу учун жиноят иши қўзғатиб, омманинг эътиборини тортиш шарт эмас деб ҳисоблашади.