11 сентябр куни Жанубий Корея матбуоти Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Иннинг поезди пойтахт Пхеняндан узоқ сафарга йўлга чиққани эҳтимоли ҳақида хабар берди. Кейинроқ Россия давлат оммавий ахборот воситалари Ким «яқин кунларда» Россия президенти Владимир Путин билан учрашишини тасдиқлади.
Ким Чен Инга тегишли поезд ҳақида маълумотлар, фото ва видео тасвирлар жуда кам. The Washington Post уларнинг баъзиларини жамлашга муваффақ бўлди.

АҚШ расмийларининг таъкидлашича, Ким Путин билан Шимолий Корея чегарасидан қарийб 500 км узоқликдаги Владивосток шаҳрида учрашади.
2011 йилда отаси Ким Чен Ир вафотидан кейин мамлакат раҳбарлигини қўлга олганидан бери Ким Чен Ин Шимолий Кореядан ташқарига камдан-кам саёҳат қилди. Коронавирус пандемияси даврида эса мамлакат ўзини дунёдан бутунлай узиб қўйган эди.
Ким саёҳатлар учун XXI асрдаги давлат раҳбарига хос бўлмаган транспортни – махсус поездни афзал кўради. Бунинг сабаби маълум эмас. Унинг бобоси Ким Ир Сен ва самолётда учишдан қўрқадиган отаси Ким Чен Ир ҳам ушбу транспортдан кўп фойдаланган.
Бироқ, 2018 йилда президент Доналд Трамп билан юқори даражадаги дипломатик саммитда у Air China компаниясининг Boeing 747 самолётидан фойдаланди. Шу йили Хитойнинг Далян шаҳрига, президент Си Жинпинг билан учрашувга маҳаллий самолётда парвоз қилди.
Ҳашаматли поезд: тансиқ таомлардан Мерседесгача
Кимнинг поездида Шимолий Корея элитасидан ташқари деярли ҳеч ким саёҳат қилмаган. Унинг ички кўриниши тасвирлари жуда кам. Аммо давлат оммавий ахборот воситалари фотосуратлари, саёҳатчиларнинг ҳисоботлари ва разведка маълумотлари ҳашаматли поезд ҳақида айрим тасаввурларга имкон беради.
Вагонлар ташқи томондан ўзига хос яшил ва сариқ рангларга бўялган. Ичкаридан олинган суратларда узун брифинг столлари ва катта мониторли ялтироқ-оқ интерьерлар кўринади. Бошқа тасвирларда қизил чарм кресло билан жиҳозланган хонани кўриш мумкин.

















