2023 йилнинг биринчи ярим йиллигида Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджети даромадлари 153,8 трлн сўмни, харажатлари 180,8 трлн сўмни ташкил этди.
Консолидациялашган бюджет тақчиллиги 26,9 трлн сўмни ёки ялпи ички маҳсулотга (470 триллион сўм) нисбатан 5,7 фоизга тенг бўлди.
Бу – Иқтисодиёт ва молия вазирлиги эълон қилган Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2023 йил биринчи ярим йиллик ижроси юзасидан ҳисоботда келтириб ўтилган. Маълумот учун, жорий йилги бюджет қонунида консолидациялашган йиллик дефицит кўрсаткичи 3 фоиздан ошмаслиги зарурлиги кўрсатилган.
ИМВ ҳисоботига кўра, мамлакатда табиий газ қазиб чиқариш ҳажми 23,6 млрд куб метрни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 9,6 фоизга камайган бўлишига қарамай, аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини узлуксиз табиий газ билан таъминлаш мақсадида газ импорти ҳажми 2,6 млрд куб метрни (2022 йилда 364 млн куб метр) ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 7,2 баробарга ошган.
Табиий газ импортига доир бу маълумот Статистика агентлигининг расмий рақамларини рад этади. Агентликка кўра, 2023 йилнинг 1-ярмида Ўзбекистон 200 млн долларлик газ импорт қилган ва бу ўтган йилнинг тегишли даврига нисбатан 2,6 баробарга кўп бўлган. Статистика агентлиги импорт ҳажмини нарх қийматида, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги эса физик ҳажмда кўрсатган бўлса-да, улар орасидаги бир неча баробарлик номувофиқлик яққол кўзга ташланади.
Эслатиб ўтамиз, республика бўйлаб январ ойида аномал совуқ об-ҳаво кузатилган, ҳукумат бунинг оқибатларини юмшатиш учун шошилинч табиий газ импорти бўйича чоралар кўришига тўғри келганди. Бюджет тақчиллигининг кескин ошиши газ импорти кўпайиши билан боғлиқ эканини аввалроқ Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов айтиб ўтган эди.
Маълум бўлишича, консолидациялашган бюджетдаги 26,9 трлн сўмлик тақчиллик қуйидаги манбалар ҳисобидан молиялаштирилган:
- давлат қарз маблағларини жалб қилиш ҳисобидан 6,7 трлн сўм













