Иқтисодиёт | 07:53 / 13.09.2023
16713
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистон Хитой ёрдамида Ўзбекистонга кўмир етказиб беришни режалаштирмоқда

Қирғизистоннинг иккита конида ёқилғи қазиб олишга Хитой компаниялари жалб этилади.

Фото: РИА Новости

Қирғизистон Хитой кўмагида кўмир қазиб олишни, жумладан, экспортга чиқаришни кенгайтирмоқда. Бу ҳақда республика энергетика вазири Таалайбек Ибраевга таяниб «Акчабар» хабар берди.

Бу ҳақда амалдор навбатдаги иситиш мавсумига тайёргарлик бўйича ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди. Унинг таъкидлашича, кўмир конларини ўзлаштириш Қирғизистон ва Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном вилояти форумининг асосий мавзусига айланди.

Тадбирда 15 та икки томонлама шартнома имзоланди. Улардан 9 таси кўмир саноатига, шу жумладан Қирғизистондаги иккита участкада тўғридан тўғри қазиб олишга тегишли.

«Режада йилига 1,8 минг тонна қазиб олиш кўзда тутилган, – деди Ибраев. – Келгуси йилдан бошлаб қўшнимиз Ўзбекистонга кўмир экспорт қилишни йўлга қўймоқчимиз».

Июн ойида «Ўзкимёсаноат» концерни унинг шуъба корхонаси «Ўзкимёимпекс» Қирғизистондан маҳаллий истеъмолчилар учун кўмир сотиб олишни режалаштираётгани ҳақида хабар берган эди. Бунинг учун у «Қирғизкўмир» давлат корхонаси билан тўғридан тўғри шартнома тузди.

Ўзбекистон Қозоғистондан ҳам кўмирни фаол харид қилмоқда – фақат дастлабки тўрт ойнинг ўзида у ердан олиб келинган импорт ҳажми 255 минг тоннани ёки ўтган йилнинг шу даврига нисбатан уч баробар кўпни ташкил қилди. Қозоғистон томони бу кўрсаткични бир неча баробар ошириш ниятида.

Мавзуга оид