Жаҳон | 14:26 / 14.09.2023
6975
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Давлат департаменти Жанубий Кореяга F-35А қирувчи самолётларини сотишга рухсат берди

Гап тахминан 5,06 миллиард долларлик 25 тагача F-35А қирувчи самолётлари ва тегишли жиҳозларни сотиш ҳақида кетмоқда. 

Фото: AFP

АҚШ Давлат департаменти Жанубий Кореяга тахминан 5,06 миллиард долларлик F-35А қирувчи самолётлари ва тегишли жиҳозларни сотишни маъқуллади, деб хабар бермоқда Пентагон мудофаа хавфсизлиги бўйича ҳамкорлик агентлиги (DSCA). 

Хусусан, гап Жанубий Кореяга 25 тагача F-35А қирувчи самолёти ва 26 тагача F-135-PW-100 двигателлари ҳамда операция учун зарур бўлган бошқа жиҳозларни сотиш ҳақида бормоқда

«Сотишни тасдиқлаш тўғрисида билдиришнома АҚШ Конгрессига юборилди», дейилади баёнотда.

Агентликнинг таъкидлашича, таклиф этилаётган келишув АҚШ ташқи сиёсати ва миллий хавфсизлик мақсадларини илгари суради, «минтақадаги тажовузни олдини олади», Жанубий Кореянинг ҳозирги ва келажакдаги таҳдидларга қарши туриш қобилиятини оширади.

АҚШ Давлат департаментининг қурол сотишни маъқуллаши АҚШ маъмуриятининг келишувга эътирози йўқлигини англатади.

Агар АҚШ Конгресси 30 кун ичида АҚШ Давлат департаментининг қарорига эътироз билдирмаса, Вашингтон маъмурияти тасдиқланган келишув бўйича мамлакат билан музокаралар бошлайди.

Мавзуга оид