13 сентябр куни Тошкентда “Халқаро автомобил транспорти: барқарор ривожланиш ва фаровонлик сари” номли халқаро конференция бўлиб ўтди. Унда 11 та халқаро ташкилот, 29 та мамлакатдан 93 нафар делегация вакиллари иштирок этишди. Унда халқаро юк ташувларида юзага келаётган муаммолар, логистика масалалари муҳокама қилинди.
Тадбир доирасида Транспорт вазирлиги департамент раҳбари Абдусамад Мўминовнинг журналистлар саволига жавобан айтишича, ҳозирда Ўзбекистон–Қирғизистон–Хитой темирйўли лойиҳасини амалга ошириш учун пул топиш ҳаракати кетяпти.
“Бугунги кунда ташқи савдони ривожлантириш, Ўзбекистоннинг экспорт, импорт юкларини ташқи дунёга олиб чиқиш учун 6-7 та маршрутларимиз бор. Қўшимча равишда алтернатив вариант сифатида бизда Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон мултимодал коридоридан фойдаланилмоқда.
Май ойида президентнинг Циан шаҳрига ташрифи чоғида келишувлар бўлди. Шунда Ўзбекистон–Қирғизистон–Хитой темирйўли қурилиши бўйича дастлабки техник-иқтисодий асос тайёрланди. Ҳозирги кунда ушбу лойиҳа учун пул топиш ҳаракати кетяпти. Ҳамда бу лойиҳани бошқариш шартлари келишиляпти”, – деди Абдусамад Мўминов.
Вазирлик вакилига кўра, лойиҳа қиймати 5–7 млрд доллар атрофида баҳоланяпти. Қурилажак темирйўлда йилига 8-10 млн тонна юк, хусусан транзит юклар ташилиши мўлжалланмоқда.
Мўминов Термиз–Мозори Шариф–Кобул–Пешовар темирйўли лойиҳаси ҳақида ҳам гапираркан, бугунги кунда бу йўналишда ҳам мултимодал ташувлар йўлга қўйилгани, Ўзбекистонга Афғонистон ҳудуди орқали кириб келаётган юклар ҳажми бир неча баробарга ошганини қайд этди.
“Лойиҳа бошланиш босқичида, техник-иқтисодий асосларини тайёрлашимиз учун дастлабки техник топшириқ тайёрланяпти. Бунинг учун 3 та томон лойиҳага пул жалб қилишни келишяпти”, – деди у.
“Толибон” ҳукуматини ҳеч бир давлат тан олмагани лойиҳага халқаро молия ташкилотларини жалб этишни қийинлаштирмоқда.
“Тўғри, лойиҳа учун Жаҳон банки пул бермаслиги мумкин, аммо бошқа халқаро молия интитутлари бор. Масалан, Осиё тараққиёт, Ислом тараққиёт банклари бор. Ҳозирда шулар билан ишланмоқда”, – деди Транспорт вазирлиги расмийси.







