Ўзбекистон | 14:52
1129
2 дақиқада ўқилади

Юк тягачлари ва ярим тиркамалар импорти бож ва утилйиғимдан озод қилинди

Президент қарори билан, “Евро-5” ва ундан юқори экологик тоифадаги тягачлар ҳамда тўла вазни 15 тоннадан ортиқ ёки юкхонасининг ҳажми камида 76 метр куб бўлган ярим тиркамалар импорти 2027 йил 31 декабрга қадар муддатга бож ва утилизация йиғимидан озод этилди. Бу транспортларни Ўзбекистонга олиб киришда мажбурий сертификатлаш ҳам талаб этилмайди.

Ўзбекистонда юк ташишга мўлжалланган айрим транспорт воситалари учун маълум муддат божхона божи ва утилизация йиғими ноллаштирилди. Давлат раҳбари 7 июл куни бу ҳақда қарор имзолади.

Қарорга кўра, ишлаб чиқарилганига 5 йилдан ошмаган қуйидаги юк транспорт воситаларини (самосваллардан ташқари) Ўзбекистон Республикасига импорт қилишда 2027 йил 31 декабрга қадар божхона божи ва утилизация йиғими ундирилмайди:

  • “Евро-5” ва ундан юқори экологик тоифадаги тягачлар (ТИФ ТН кодлари 8701 21, 8701 22, 8701 23, 8701 24) – газда ҳаракатланадиганлардан ташқари;

  • тўла вазни 15 тоннадан ортиқ ёки юкхонасининг ички ҳажми камида 76 метр куб бўлган ярим тиркамалар (ТИФ ТН коди 8716 39).

Автотранспорт воситалари божхона расмийлаштирувидан ўтказилган санадан эътиборан уч йил мобайнида экспортга реализация қилинганда ва/ёки қайта жиҳозлаш ТИФ ТН коди ўзгаришига олиб келганда (ёқилғи турини ўзгартириш билан боғлиқ қайта жиҳозлаш ҳолатлари бундан мустасно), юқорида кўрсатилган имтиёзлар бекор қилинади ва тегишли тўловлар белгиланган тартибда ундирилади.

Жаҳон савдо ташкилоти билан ишлаш бўйича идоралараро комиссия (Жамшид Хўжаев)га 10 кун муддатда Европа стандартларига мос келадиган тягачлар ва ярим тиркамаларни Ўзбекистонга импорт қилишда уларни мажбурий сертификатлашдан вақтинчалик озод қилиш бўйича тегишли қарорни қабул қилиш вазифаси юклатилди.

Эслатиб ўтамиз, “Евро-5” экостандарти талабларига жавоб берадиган айрим юк транспорт воситалари импорти 2021 йил августидан 2025 йил 1 январгача бўлган муддатда ҳам бож ва утилизация йиғимидан озод этилган эди. 2025 йил феврал ойидаги йиғилишлардан бирида давлат раҳбари бу енгиллик 2028 йилгача узайтирилишини маълум қилганди.

Комрон Чегабоев
Муаллиф Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид