G20 декларациясида ўтган йилгидан фарқли равишда Россиянинг босқинчилиги бевосита қораланмагани – Москвани музокарага чақириш йўлими? Африканинг ташкилотга қўшилиши Ғарб бу қитъани БРИКСдан “қизғанаётгани”ни англатадими? “Геосиёсат”нинг навбатдаги сонида шу каби саволлар кўтарилди.

9-10 сентябр кунлари катта йигирматалик – G20 давлатлари раҳбарлари Ҳиндистон пойтахти Деҳлида йиғилди. Коллектив ғарб билан Саудиянинг улкан лойиҳалари, Украина инқирози, ғалла келишуви ва ташкилотга янги аъзо қабул қилингани кабилар учрашувнинг сиёсий рангини бойитди.

“Геосиёсат” дастури мавзуни сиёсатшунослар Фарҳод Толипов ва Сайфиддин Жўраев билан муҳокама қилди.

— G20 Африка иттифоқини ҳам ташкилотга қўшиб иқтисодий эмас, янада сиёсий шаклга айланиб боряптими? G20'га қўшилиш Жанубий Африка учун нима беради?

Фарҳод Толипов: G20'нинг тарихи ва эволюциясини кузатадиган бўлсак, биринчи тузилган пайтидаги мақсадлардан бироз четлашганга ўхшайди ҳозир. Энг ривожланган 20 та давлат жаҳон иқтисодиётига, муҳтож давлатларга ёрдам бериш мақсади қўйилган, ўзи бу мақсадларга қанчалар яқинлашяпти? G20'нинг таркибини жуда мукаммал деб бўлмайди, чунки унчалик ривожланмаган давлатлар ҳам бор. Айни шу таркибга Африка иттифоқини қўшиш ҳам ғалати ва бир қанча саволларни ўртага чиқаради.

БРИКСдан Африкани қўштирноқ ичида “қизғаниб” тортиб олишдир, деган эмоционал сабаблар ҳам унчалик асос бўлолмайди. Чунки ҳеч кимни ҳеч ким тортиб ололмайди. Кўп томонлама ташкилотлар кўпайиб кетяпти бугунги кунда. Кўпида БМТнинг мақсад-вазифалари такрорланади. G20 Африкага қай даражада ёрдам беролиши очиқ савол бўлиб қоляпти.

1950 йилларда бир қатор Африка ва Осиё давлатлари Бандунг конференциясида “77лар гуруҳи”ни тузади. Унда собиқ мустамлака мамлакатлар бўлади. Улар янги иқтисодий дастур тузишади, БМТга кузатувчи бўлиб рўйхатдан ҳам ўтишади. Улар ўз талабномалари билан чиқади. Унда ўз даврида мустамлакачи бўлган давлатларга бир қанча талаблар қўйилади. Аммо фақат энг ривожланган бир нечта давлат бу талабларни бажарган, қолганлари тан олмаган ҳам.

Сайфиддин Жўраев: G20'га Африка иттифоқининг қўшилишини адолатли деб биламан, чунки бу қитъадан фақат ЖАР бор эди олдин. Дунёда кучлар маркази ўзгаряпти. Дейлик, Африка бутунлай Хитой таъсирига тушиб қолмаслиги учун ҳам бу иш қилингандир. Ривожланиш бўлиб, Африканинг ҳам кучаяётгани сабабли балки бу ташкилот салмоғи ошар.