
Украинлар аннексия қилинган Севастополга қанотли ракеталар орқали зарба бериши оқибатида икки кема шикастланган. Бу ҳақда РФ мудофаа вазирлиги маълум қилган. Бундан ташқари, вазирликнинг тасдиқлашича, 13 сентябрга ўтар кечаси худди шу вақтда учта денгиз дрони ҳам Қора денгиз флоти кемаларига ҳужум уюштирган, аммо улар йўқ қилинган.
Ҳодиса ҳақида дастлаб Севастополнинг Россия томонидан тайинланган мэри Михаил Развожаев хабар берди. Унинг сўзларига кўра, шаҳарга тонгги соат 3 атрофида ракеталар учиб келган.
У ракеталардан бири Севморзаводга келиб тушгани ва у ерда йирик ёнғин бошланганини маълум қилган. «Дастлабки маълумотларга кўра, ҳужум оқибатида жами 24 киши жабрланган, тўрт кишининг — аҳволи ўрта оғир даражада», — дея ёзган Развожаев.
Россиядаги ҳуқуқ-тартибот идораларига алоқадор саналган Baza ва Shot телеграм-каналлари эса заводнинг 26 ишчиси жароҳатланиб, яна икки киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган. Қурбонлар ҳақида расмий маълумот йўқ. Каналларнинг тасдиқлашича, ҳужум оқибатида таъмирлаш учун завод ҳудудига жойлаштирилган «Минск» номли катта десант кемаси ва «Ростов-на-Дон» дизел-электрик сувости кемаси шикастланган.
Севморзавод — Севастополдаги Серго Орджоникидзе номидаги кемасозлик заводи бўлиб, бу ерда Россия Қора денгиз флоти кемалари турган ва таъмирланган.
Ҳужумдан бир неча соат ўтиб Россия мудофаа вазирлиги тунда Украина қуролли кучлари Севастополдаги мазкур заводга ўнта қанотли ракета билан зарба берганини хабар қилди. Вазирлик Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари етти ракетани уриб туширгани — қолган уч ракета таъмирлаш жараёнида бўлган икки кемага шикаст етказганини маълум қилган.
Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ва телеграм-каналлар тарқатган видеоларда кемасозлик заводи ҳудудида учта портлаш овози эшитилгани акс этган.
Россия мудофаа вазирлиги учта экипажсиз катер Қора денгиз флотининг денгизга чиқаётган кемалари отрядига ҳужум қилишга урингани, аммо «Василий Биков» патрул кемаси уларни йўқ қилгани ҳақида ҳам хабар берган.
Украина мудофаа вазирлиги бош разведка бошқармаси вакили Андрей Юсов ҳам украин нашрларига берган маълумотида Севастопол бўйлаб берилган зарбалар оқибатида кема ва сувости кемасига шикаст етказилганини айтган. Унинг сўзларига кўра, ҳужум оқибатида кемасозлик заводининг ускуналари ҳам шикастланган.


















