Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ЕК раҳбари Киевнинг ЕИга аъзолик йўлидаги «катта қадамлари»ни олқишлади
Номзод мақомини олган Украина Европа Иттифоқи томон қатъий қадам ташлади. Бу қадамларни қадрлаш керак, деди Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен.
Украина номзод мақомини олганидан бери Европа Иттифоқига қўшилиш йўлида катта қадамлар ташлади, бироқ тўлиқ аъзолик эришилган натижаларга асосланади ва ҳали қилинадиган ишлар кўп, деди Еврокомиссия (ЕК) раиси Урсула фон дер Ляйен 13 сентябр, чоршанба куни Европа парламентига йиллик мурожаатида.
«Биз биламизки, бу осон йўл эмас. Қўшилиш натижаларга асосланади. Бунинг учун машаққатли меҳнат ва етакчилик талаб этилади. Лекин кўп ютуқларга эришилди. Ўшандан бери Украина жуда катта қадамлар қўйганини кўряпмиз. Унинг қатъиятини қадрлаш вақти келди. Менимча, Европа Иттифоқи 30 дан ортиқ давлатлар билан ҳам ишлай олади», деди фон дер Ляйен.
Европарламент айни дамда Киев декабр ойида ЕИга аъзоликнинг янги босқичини – Украинанинг Европа Иттифоқига аъзолиги бўйича музокараларни расман бошлаши керакми, деган мунозарага киришмоқда. Бунинг шартларидан бири Украинанинг коррупцияга қарши курашда аниқ натижаларни намойиш этиши бўлиб қолади. Украинадан ташқари, Молдова ва Ғарбий Болқоннинг бешта давлати Европа Иттифоқига қўшилиш учун ҳаракат қилмоқда.
Украинани қатъий қўллаб-қувватлаш
Еврокомиссия раҳбари Европа Иттифоқи Россия ҳарбий ҳаракатларидан қочган украиналикларни ҳимоя қилишнинг махсус механизмини узайтиришини айтди. «Украинани қўллаб-қувватлаш давом этади», деб ишонтирди Урсула фон дер Ляйен.
«Уруш бошланганидан бери 4 миллион украиналик бизнинг иттифоқдан бошпана топди. Шуни айтмоқчиманки, улар биринчи ҳафталарда бўлгани каби, бугун ҳам хуш келибсиз. Еврокомиссия украиналикларнинг Европа Иттифоқидаги вақтинчалик ҳимоясини узайтиришни таклиф қилади», — деди Еврокомиссия раҳбари.
Европа комиссияси раҳбари мурожаатидаги бошқа мавзулар
Урсула фон дер Ляйен ўз мурожаатида Европа Иттифоқида инфляцияга қарши кураш, яшил энергияни илгари суриш, одам савдосига қарши туриш ва бошқа бир қатор мавзуларга ҳам тўхталиб ўтди.
У Европа Иттифоқининг Хитойдан электромобиллар учун давлат субсидияларини текшириш ниятида эканини эълон қилди. «Ушбу машиналар нархи давлат томонидан ажратилаётган улкан субсидиялар туфайли сунъий равишда пасайтирилган ва бу бизнинг бозоримизни бузмоқда. Буни қабул қилиб бўлмайди. Жаҳон бозорлари Хитойнинг арзонроқ электромобиллари билан тўлиб кетган», - деди у.
Текширув ХХРга нисбатан жазоловчи божхона тўловларини жорий этишга олиб келиши мумкин. Ҳозирда бир қатор иқтисодиёт тармоқларида Европа Иттифоқининг Хитой каби давлатларга қарамлигини камайтириш чоралари кўрилмоқда.