Россияга келиб кетган Хитой мудофаа вазири ишдан бўшатилган ва тергов остида — АҚШ разведкаси
Хитой Халқ Республикасининг мудофаа вазири Ли Шангфу ўз лавозимидан бўшатилган ва тергов остида бўлиши мумкин, дейишган Financial Times нашрига разведка маълумотлари билан таниш америкалик мулозимлар.
Сўнгги икки ҳафта ичида Ли Шангфу омма олдида кўриниш бермаган. Вазир 7–8 сентбяр кунлари Виетнам ва Хитойнинг ҳар йилги мудофаа ҳамкорлиги бўйича йиғилишида иштирок этиши лозим эди, бироқ йиғилишга икки кун қолганида «саломатлиги билан боғлиқ ҳолат» боис сафарни бекор қилган. Бу ҳақида Reuters’га виетнамлик мулозимлар хабар беришган.
65 ёшли Ли Шангфу ХХР мудофаа вазири лавозимини эгаллаганига олти ойдан камроқ вақт ўтди — у 2023 йилнинг 12 мартида ушбу вазифага киришган эди. 2018 йилда у Россиядан Су-35 қирувчи учоқлари ва С-400 мажмуаларини харид қилишдаги иштироки учун АҚШ санкциялари остига тушган эди. Вазир этиб тайинланганидан бир ой ўтиб у Москвага бориб, РФ президенти Владимир Путин билан учрашган эди.
Хитой мудофаа вазирининг истеъфога чиқарилиши «Пекиннинг ҳарбий ва ташқий сиёсий истеблишментининг элитали аъзолари орасида хаос рўй бераётганининг навбатдаги белгиси» бўлиши мумкин, деб ёзган Financial Times.
Бундан аввалроқ, ёз ойларида ХХР ташқи ишлар вазири Цин Ганг омма олдида узоқ вақт кўриниш беравермагани ҳам «саломатли ёмонлашгани» билан тушунтиришган эди. Кейинчалик Хитой ҳокимияти у лавозимидан олинганини эълон қилди. Цин Ганг ҳам бор-йўғи олти ой вазир бўлиб ишлаган. Ишдан кетиши сабабларидан бири сифатида унинг ҳонгконглик тележурналист Фу Сиаотиан билан романтик алоқалари кўрсатилган.
Ўтган ойда ХХР раиси Си Жинпинг Хитой ядровий кучларига қўмондонлик қилган ва тўсатдан оммага кўринмай қолган олий мартабали икки офицер — ракета қўшинларига раҳбарлик қилган Ли Ючао ва унинг ўринбосари Лю Гуангбинни вазифасидан олиб ташлаган эди.
Хитойдан бўлмаган мулозимлар Financial Times нашрига билдиришича, уларнинг ҳар иккиси махфий маълумотларни сиздиришда гумонланган: «Биз Хитойнинг ташқарисидан туриб, ХХРнинг ракета қўшинлари тўғрисида етарли тарзда деталли тасаввурга эга эканлигимиз бош сабаб бўлган».
Бунгача ХХР компартияси ва раис Си Жинпинг ҳарбийлар сафида коррупцияга йўл қўйиб бўлмаслиги ҳақида бир неча бор ошкора чиқиш қилишган.
Мавзуга оид
22:37 / 23.11.2024
Politico: Хитой иқлим сиёсати пойгасида АҚШ ва ЕИдан ўзиб кетди
21:00 / 21.11.2024
АҚШ–Хитой зиддияти ва Тайван омили: Трампдан нима кутиш мумкин?
19:13 / 21.11.2024
Хитойда 83 млрд долларлик олтин захираси топилди
21:37 / 20.11.2024