2023 йил 12 сентябр куни «Урал ҳаво йўллари» авиакомпаниясига тегишли Airbus-A320 Сочидан Омск шаҳрига парвоз қилаётганида носозлик кузатилади.

Энг яқин захира аэродроми Airbus-A320 парвоз қилаётган жойдан 180 км узоқликда экани маълум бўлгач, учувчилар самолётни очиқ далага қўндиришга қарор қилишади.

Airbus-A320 Новосибириск вилоятидаги буғдой даласига муваффақиятли қўндирилади. Самолёт бортида 161 нафар йўловчи ва 6 нафар экипаж аъзоси бўлиб, қўниш пайтида бир неча киши енгил жароҳат олади.

Мутахассисларга кўра, нархи 100 миллион доллардан ошиқроқ турадиган Airbus-A320 самолётини Новосибирскдаги буғдой даласидан бутун олиб чиқишнинг иложи йўқ.

Чунки самолёт далада қайта парвоз қила олмайди. Катта йўлдан узоқлиги учун уни тортиб чиқишнинг ҳам иложи йўқ. Самолётни фақат бўлакларга бўлиб олиб кетиш мумкин ва ундан эҳтиёт қисм сифатида фойдаланса бўлади.

Новосибирскда буғдой даласига қўнган А-320

Новосибирскдаги ҳодиса ягона эмас, 2019 йилда Россияда «Урал ҳаво йўллари» авиакомпаниясига тегишли яна бир йўловчи самолёти кунгабоқар даласига қўнишга мажбур бўлганди.

Москвадан Симферополга парвоз қилаётган Airbus-A321 ҳавога кўтарилганидан кўп ўтмай қушлар галаси билан тўқнашади. Шунда улардан бири самолёт двигателига кириб кетиб, уни ишдан чиқаради.

Шундан сўнг учувчилар самолётни Москва вилоятидаги Рибинское қишлоғи яқинидаги кунгабоқар даласига қўндиришга қарор қилишади. Airbus-A321 бортида бўлган 233 кишидан (226 нафар йўловчи ва 7 нафар экипаж аъзоси) қарийб 100 нафари тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилади.

Кейинчалик суриштирувлар давомида учувчиларнинг кунгабоқар даласига қўнгани тўғри қарор бўлгани, акс ҳолда самолёт ҳалокатга учраб барча ҳалок бўлиши мумкинлиги эътироф этилади. Икки нафар учувчи давлат мукофоти билан тақдирланади.

Москва вилоятида маккажўхори даласига қўнган А-321