Жаҳон | 18:19 / 16.09.2023
15766
2 дақиқада ўқилади

Мигрантларга оилаларини Россияга олиб бориш тақиқланиши мумкин

Россия Давлат Думасида меҳнат мигрантларига оиласини Россияга олиб боришни тақиқлаш таклифи янгради. Ташаббускорларга кўра, бу чора бюджет харажатларини камайтиради. Чунки оилада бир одам ишлаяпти, қолганлари эса ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож.

Фото: Сергей Булкин/NEWS.ru

Россияга ишлаш учун келган шахслар оиласи, хотини, болалари, ота-онасини олиб келиш ҳуқуқига эга бўлмаслиги керак, деди Коммунистик партиясидан Давлат Думаси депутати Михаил Матвеев. Унинг таъкидлашича, оилада фақат бир киши меҳнат қилмоқда, қолганлари эса Россия давлати харажатларига муҳтож.

«Россияга ишлаш учун келган ва патент олган шахслар оиласи, хотини, болалари, ота-онасини олиб келиш ҳуқуқига эга бўлмаслиги керак. Улардан бир нафари ишлайди, қолган 5-7 нафари ишламайди. Улар Россиянинг ижтимоий таъминотига - бепул мактаб, болалар боғчаси, тиббий ёрдамига муҳтож. Буни визасиз режимни сақлаб турган ҳолда амалга ошириб бўлмайди. Бу виза режимини жорий қилиш зарурлигини билдиради, гарчи мен бунга тайёр эканимизга қаттиқ шубҳа қилсам ҳам», деди Матвеев.

Депутатнинг фикрича, агар бунга чора кўирлмаса, россиялик солиқ тўловчиларнинг «бўйнига ўтирадиганлар» сони янада кўпаяди.

Аввалроқ Матвеев Марказий Осиё ва Кавказортидан келган мигрантларга Россия фуқаролигини бериш бўйича тезлаштирилган жараённи уч ойга тўхтатиб қўйишга чақирган эди. Депутатнинг эслатишича, деярли ҳар куни Россия фуқаролигини олишнинг ноқонуний схемалари ошкор қилингани ҳақида хабарлар пайдо бўлмоқда.

Матвеев сўзларига кўра, Россия паспорти, яшаш учун рухсатнома олиш жараёнларида ноқонуний ҳолатлар «жуда яхши йўлга қўйилган» ва бу катта бизнесга айланган.

Мавзуга оид