Дилором Абдунабиева ёлғиз ўзи олти жон учун масъул: ногирон опаси, иккинчи турмушга чиқиб кетган опасининг 4 фарзанди ва ўзининг бир нафар боласи унинг қарамоғида. У қийинчиликларга қарамай болаларни кўчада қолдирмади.
Дилором Абдунабиева асли Олтиариқ туманидан. Айни пайтда Фарғона шаҳрида яшайди. Оиланинг кенжаси бўлган Дилором 2 ёшидаёқ ота меҳридан айрилди. Ота 8 фарзандини ташлаб кетди. Шундан кейин оила пароканда бўлди. Эгизак қизларининг бири ногирон туғилгач, она уни даволатиш учун ҳовлисини сотишга мажбур бўлди.
Кенжа фарзанд Дилоромнинг турмуши эса ўхшамади. У ҳозирда ўз қизи, ногирон опаси, турмушга чиқиб кетган опасининг 4 фарзанди билан ижара уйда яшайди.
“Оилада 8 фарзанд эдик, энг каттамиз ўғил бўлган, кенжаси мен эдим. Онам ҳаммамизни оқ ювиб, оқ тараб вояга етказди. Фотима опам ногирон эди... Қийналганмиз, бобомлар, қариндошлар ёрдам бериб турган. Вақт ўтиб ҳаммамиз ҳар ёққа тарқалиб кетдик. Отамнинг қаерда эканини, бу дунёда бор ёки йўқлигини ҳеч биримиз билмаймиз. Онам ҳам ота, ҳам она бўлди.
Отам ташлаб кетган пайтда мен 2 яшар эдим. Ногирон туғилган Фотима опамни даволатиш учун онам елиб югурди. Эслайман – кўпинча мени катта опамга ташлаб кетарди.

Бир онадан қайси фарзандингизни кўпроқ яхши кўрасиз, деб сўрашганда, қайси бири сафарда бўлса, сафардан қайтгунча ўшани. Бемор бўлса, тузалгунча ўша боламни кўпроқ яхши кўраман, деган экан. Онам ҳам худди шундай эди. Ногирон Фотима опамни элга қўшаман деб уйларни сотди, ҳеч нарсасиз қолган пайтлар бўлди, онам ёлғиз боши билан барчасига чидади. Опам ўзи туғилиш пайтида ногирон бўлиб қолган эканлар. Тўғри, ҳозир опам ўзи мустақил кўча-кўйда юролмайди, лекин етакласак бемалол ҳаракатланади, Худога шукр, шунчалик бўлди.
Гоҳида онам қизим, сениям қийнаб қўйдим, гўдаклигингда яхши қаролмадим, хафамасмисан, дейди. Онадан хафа бўлиб бўларканми, бахтимга бор бўлинг, дейман».
31 ёшли Дилором холасига келин бўлди. Лекин турмуши узоққа чўзилмади. Иккинчи турмушидан қизли бўлди. Дилором ҳозирда қизи билан бирга опасининг 4 фарзандига ҳам қарайди. У кучни ногирон опаси ва шу норасидалардан олади.
«Қиз бола палаҳмон тоши, дейишади-ку, мен ҳам шундай бўлдим. Яхши эслайман, бир куни холам уйимизга чиқиб, опа, шу қизингизни менга келин қилиб беринг, деб қолдилар. Онам бўлса ҳали бу қизим ёш, эрка, олти опаси ортидан иш қилмай ўсди, турмушга тайёрмас, дедилар. Холам эса берасиз деб туриб олди. Онам рози бўлди, орага бувим ҳам қўшилдилар.

















