Тошкент вилоятининг Чиноз тумани ҳудудида қозоғистонлик ҳайдовчи бошқарувидаги юк машинаси кўприк остига тиқилиб қолди. Бунинг оқибатида катта талафот кўрган кўприкнинг бир қисми машиналар қатновига хавф туғдирмаслик учун бузиб ташланди.  

15 сентябр куни соат 11:00лар атрофида М-39 халқаро автомобил йўлининг Чиноз тумани ҳудудидан ўтган қисмида Сирдарё йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб бораётган юк машинаси кўприк остига тиқилиб қолган. Бунинг оқибатида кўприкка жиддий зарар етган.

Аслида, кўприкнинг Тошкент-Чиноз йўналиши бўйича ҳаракатланиш қисмида уни ҳимоялаш мақсадида арка кўринишида темир тўсиқ ўрнатилиб, кўприк баландлиги 4,5 метр эканлигини кўрсатувчи йўл белгилари ўрнатилган. Аммо дастлабки маълумотларга кўра, айланиб ўтиши керак бўлса-да қозоғистонлик ҳайдовчи юк машинасини ЙҲХ ходимларининг махсус автотранспорт ёрдамидаги кузатувига бўйсунмаган ҳолда ўзбошимчалик билан кўприк остидан ҳайдаган. Оқибатда юк машинаси кўприкнинг 22 метрлик темир бетон балкаларига келиб урилган.

Чиноз тумани йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси директори Мирвоҳид Абдуллаевнинг Kun.uz’га маълум қилишича, транспорт воситасида олиб келинаётган юкнинг баландлиги 5,3 метрни ташкил этган, кўприкнинг баландлиги эса 4,5 метр. Ҳайдовчи шундай бўлса ҳам ҳудудда мавжуд бўлган айланма йўл орқали ҳаракатланмаган ва мазкур ҳолат юзага келган.

Ҳолат зудлик билан тегишли масъуллар иштирокида жойига бориб ўрганилган ҳамда далолатнома расмийлаштирилган.

Юк машинаси етказган зарар туфайли кўприкнинг бир қисми яроқсиз ва қатнов учун хавфли бўлиб қолган. Ҳозирда йўл ўтказгичнинг бу қисми бузилиб, тўсинлар олиб ташланмоқда.