Жаҳон | 10:21 / 18.09.2023
5583
2 дақиқада ўқилади

Столтенберг: НАТО давлатлари Украина уруши узоқ давом этишига тайёрланиши керак

Йенс Столтенберг Германия ҳукуматини мудофаа харажатларини ЯИМнинг камида 2 фоизигача оширишга чақирди ва Украинадаги уруш тезда тугашини кутмаслик кераклигини айтди.

Фото: Yves Herman/Reuters

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Германияни мудофаа харажатларини сезиларли даражада оширишга чақирди. «Совуқ уруш даврида, Конрад Аденауэр ёки Вилли Брандт ҳокимият тепасида бўлганида, мудофаа харажатлари ЯИМнинг 3-4 фоизини ташкил қилган», деди алянс раҳбари 17 сентябр, якшанба куни чоп этилган Funke медиа-гуруҳига берган интервюсида. 

«Мен ўзим кўп йиллар ҳукумат бошлиғи бўлганман (Норвегия) ва соғлиқни сақлаш, таълим ёки инфратузилмага кўпроқ маблағ сарфлаш зарур бўлганда, мудофаага кўпроқ маблағ ажратиш қанчалик қийинлигини биламан. Бироқ, босим ортганда, мудофаага пулни ошириш керак», - дея қўшимча қилди Столтенберг. У июл ойида Вилнюсда бўлиб ўтган НАТО саммити қарорини эслатди, унга кўра мудофаа харажатларининг минимал миқдори ЯИМ 2 фоизи миқдорида белгиланди. 

Шу билан бирга, Шимолий Атлантика алянси бош котибининг фикрича, НАТО давлатлари Украина уруши узоқ давом этишига тайёрланиши керак. «Биз ҳаммамиз тинчликни хоҳлаймиз. Шу билан бирга, агар президент Зеленский ва украиналиклар урушни тўхтатса, уларнинг мамлакати йўқ бўлиб кетишини тан олишимиз керак», деди Столтенберг ва Россия жанговар ҳаракатларни тўхтатган тақдирдагина тинчлик бўлишини қўшимча қилди. Тинчлик ўрнатилгандан сўнг Киевга хавфсизлик кафолатлари керак бўлади, дейди алянс бош котиби. «Шубҳа йўқки, Украина охир-оқибат НАТОга қўшилади», деди у.

Мавзуга оид