Сув – бу...

Мақола аввалидан сувнинг нима эканини эслатиб ўтишни жоиз топдик. Чунки унинг дунё ва мамлакатимиз миқёсида муаммога айланишида сиз ва биз – ҳаммамизнинг ҳиссамиз бор. Демак, сув бу:

  • инсон организмининг 55-65 фоиз (болаларда 80 фоизгача) таркиби...
  • Сайёрамизда энг кўп фойдаланиладиган ва камайиб бораётган ресурслардан бири...
  • XXI асрда давлатлараро таҳдид ва урушларга сабаб бўладиган омиллардан бири...
  • Ернинг 70 фоиздан кўпроқ қисмини қоплаган бўлса-да, шундан атиги 3 фоизи ичиш учун яроқли бўлган оби-ҳаёт...
  • Дунё бўйлаб иқлим миграцияси ва муҳожирларининг кўпайишига олиб келувчи сабаблардан бири...
Фото: Change.org

Сувсиз қолган одам энг узоғи 1 ҳафтагача яшаши мумкин. 2023 йилда 2 миллиард одам, яъни Ер юзи аҳолисининг чорак қисми тоза ичимлик сувисиз қолади ва яқин 10 йилликда буларга 700 миллион одам қўшилади. Демак, юқорида ёзилганидек – мавзу долзарб, ёзилишга ва ўқилишга эҳтиёж бор!

Дунё асосан сувдан иборат, лекин сув муаммо...

Сувнинг тузли (океан ва денгизларда), чучук (дарё, кўл, ер остида ва муз кўринишида), ёмғир, минерал ҳамда инсоният томонидан қайта ишлов берилган шаклдаги турлари бор. Дунёнинг ¾ қисми сувдан иборат. Шуни ичимлик сувига айлантириб қўйса бўлмайдими? Бўлади. Фақат бу жуда қиммат жараён. Масалан, ичимлик суви сарфи бўйича энг етакчи деб саналадиган давлат – Саудия Арабистонида (1 киши учун кунига 500 литр сув тўғри келади) 5,5 млн кубометр ичимлик суви ишлаб чиқариш учун 350 минг баррел нефт сарфланади. Парадокс ҳолат юзага келадики, 1 баррел нефт ишлаб чиқариш учун эса 159 литр сув ишлатилади. Шундан ҳам кўриш мумкинки, океан ва денгиз сувларини чучук сувга айлантириш ўзини деярли оқламайдиган қиммат жараён.

Qizdirib tuzsizlantirish / Youtube