Жаҳон | 08:40 / 19.09.2023
4277
2 дақиқада ўқилади

Германия Киевга 400 млн евролик ҳарбий ёрдам пакетини эълон қилди

Украинага янги ёрдам пакети ўқ-дорилар, зирҳли машиналар ва миналардан тозалаш тизимларини ўз ичига олади, деди Германия мудофаа вазири Писториус. Унинг сўзларига кўра, Taurus қанотли ракеталарини етказиб бериш бўйича қарор ҳали қабул қилинмаган. 

Фото: Ann-Marie Utz/dpa

Германия ҳукумати Украинага 400 миллион евро миқдорида навбатдаги ҳарбий ёрдам пакетини тайёрлади. Бу ҳақда Германия мудофаа вазири Борис Писториус 18 сентябр, душанба куни чоп этилган Германиянинг Bild газетасига берган интервьюсида маълум қилди

Писториуснинг сўзларига кўра, янги пакетга портловчи ва миномёт ўқ-дорилари, шунингдек, реактив снарядлар киради. «Чунки ўқ-дорилар - шафқатсиз босқинчилик урушига қарши мудофаа курашида Украинага энг зарур нарса», деб таъкидлади у. Бундан ташқари, Украина қишда зарур бўладиган зирҳли техникалар, миналардан тозалаш тизимлари, шунингдек, иссиқ кийим-кечак ва генераторлар олади, дея қўшимча қилди вазир. 

Шу билан бирга, Писториус Германия Украинага парвоз масофаси 500 кмгача бўлган Taurus қанотли ракеталарини жўнатадими, деган саволга жавоб беришдан бош тортди. Германия Мудофаа вазирлиги раҳбарининг таъкидлашича, федерал ҳукумат ҳали ҳам бу масала устида ўйланмоқда ва кўп жиҳатларга аниқлик киритиш зарур. 

«Рамштайн» форматидаги янги учрашув 

Писториуснинг баёноти Германиянинг Кайзерслаутерн шаҳри яқинидаги Рамштайн АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари базасида бўлиб ўтадиган Украина мудофааси бўйича алоқа гуруҳи йиғилиши арафасида янгради. Тахминларга кўра, учрашув давомида Берлин украиналик ҳарбийларни тайёрлашни кенгайтиришни таклиф қилиши мумкин. 

Германия мудофаа вазири 19 сентябрга белгиланган йиғилишда иштирок этиши керак эди, бироқ SARS-CoV-2 коронавируси билан касалланган ва ўрнига ўз вакилларини юборади.

Германия ҳукумати маълумотларига кўра, жорий йилда Германиянинг Украинага ҳарбий ёрдами ҳажми 5,4 миллиард еврони ташкил қилади. 2022 йилда бу кўрсаткич 2 миллиард еврони ташкил қилган.

Мавзуга оид