Украина қуролли кучлари Бахмут жанубидаги Клешчиевка қишлоғини озод қилди. Бу маълумот Украина қуролли кучлари шарқий гуруҳи матбуот хизмати раҳбари, капитан Иля Евлаш томонидан тасдиқланган.

«Биз Клешчиевка аҳоли яшаш манзили озод этилганини тасдиқлаймиз. 80-алоҳида десант-штурм бригадаси, 5-алоҳида штурм бригадаси, шунингдек миллий полициянинг „Лют“ бирлашган штурм бригадаси бўлинмалари. Клешчиевка озод этилди, у Украинаники», — деган Евлаш.

Украина президенти Володимир Зеленский ўзининг кечки видеомурожаатида қишлоқ озод этилгани учун ҳарбийларга миннатдорчилик билдирган. Украина мудофаа вазирлиги спикери Анна Маляр бу амалиётда 95-десант-штурм бригадаси ҳам қатнашганини қўшимча қилган.

Бундан олдинроқ Клешчиевка озод этилгани ҳақида Украина президенти офиси раҳбари Андрий Ермак ҳам хабар берганди. У украин ҳарбийлари Клешчиевка марказидаги ибодатхона вайроналари фонида мамлакат байроғи ва ўз бригадалари байроқларини кўтариб тушган фотони эълон қилган. Кейинроқ шу ҳудудда олинган видео ҳам пайдо бўлди.

Фотосуратда 1841 йилда қурилган Покровский ибодатхонасини таниш мумкин — у мазкур қишлоқдаги энг қадимий бино эди.

Шу билан бирга, Украина ҚК бош штаби Клешчиевка озод этилгани тўғрисида расмий хабар бермаган, аммо сўнгги кунларда мазкур ҳудуддаги жиддий ютуқлар ҳақида хабарлар бериб келинаётганди.

Аввалроқ Украина бош штаби вакиллари BBC Украина хизматига берган изоҳида аҳоли яшаш манзиллари озод этилгани тўғрисидаги маълумот бу жой украин ҳарбийлари томонидан эгалланганидан бир неча кун ўтибгина эълон қилинишини айтишганди. Бу муддат Украина кучлари ҳудудда тозалаш ишлари ўтказиши, рақибни ҳайдаб чиқариши ва позицияларда мустаҳкам ўрнашиши учун зарур.

Россия мудофаа вазирлиги ўз ҳисоботларида Клешчиевкадаги вазиятни тилга олмаган.

Россиялик «ҳарбий корреспондентлар» эса Клешчиевканинг бир қисми ҳамон кулранг зона бўлиб тургани, Украина қуролли кучлари фақат марказни эгаллаганини айтишган.

«Соледар йўналишидаги Клешчиевка ва Андрийивка ҳудудида шиддатли тўқнашувлар давом этмоқда, — дея ёзган якшанба куни кечқурун Россия мудофаа вазирлигига алоқадор ҳисобланган Rybar телеграм-канали. — Айни вақтда томонларнинг ҳеч бири бутунлай вайрон бўлган аҳоли яшаш манзилларини назорат қилмаяпти».

Украина Бахмутдан жанубда, ушбу шаҳардаги рус қўшинлари таъминот линиясига яқин жойлашган яна бир аҳоли яшаш манзили бўлмиш Андрийивка озод этилгани ҳақида жума куни хабар берганди.