Жаҳон | 13:25 / 21.09.2023
7966
2 дақиқада ўқилади

Москва вилоятида газ портлаши оқибатида етти киши ҳалок бўлди

Москва яқинидаги Балашихада турар жой биносининг тўртинчи қаватида газ портлаб, уч қават қулаб тушди. Қутқарув операцияси давомида иккинчи қулаш содир бўлди.

Фото: Maxim Grigoryev/TASS/dpa/picture alliance

Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қутқарувчилари Балашиха шаҳридаги тўққиз қаватли уйда маиший газ портлаши содир бўлган жойда вайроналарни тозалаш ишларини якунлади, жами етти киши ҳалок бўлган, 20 нафар фуқаро жароҳат олган, деб хабар берди Россия ФВВ матбуот хизмати 21 сентябр, пайшанба куни. «Қидирув ва вайроналарни тозалаш ишлари якунланди. Жами 27 киши тан жароҳати олган, улардан 7 нафари вафот этди, 8 киши касалхонага ётқизилди, 12 киши касалхонага ётқизишдан бош тортди», — дейилади вазирлик хабарида.

Бир кун олдин, Москва яқинидаги Балашихада Октябрская кўчасида газ портлаши натижасида 3-, 4- ва 5-қаватлар қулаб тушди. Портлаш оқибатида камида ўнта хонадон вайрон бўлган. Бир неча соат ўтгач, иккинчи қулаш содир бўлди, уч нафар қутқарувчи вайроналар остида қолиб кетди, деб хабар беради ТАСС. Бундан ташқари, бир неча киши вайрон бўлган кириш эшиги остида қолган.

Балашихадаги портлаш жойида 10 та тез тиббий ёрдам бригадаси ва табиий офатларга қарши кураш ҳудудий марказининг 6 та бригадаси ишлаган. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қидирув-қутқарув ишларига 160 дан ортиқ киши жалб қилинганини қайд этди. Зарар етган уйдан 170 киши эвакуация қилинган. Аҳоли Балашиха дам олиш марказига жойлаштирилди, улар озиқ-овқат ва сув билан таъминланди, шунингдек, психологик ёрдам кўрсатилди. 

Россия Тергов қўмитаси хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган хизматлар кўрсатиш моддаси бўйича жиноий иш қўзғатди. ТАСС хабарига кўра, уй 1979 йилда қурилган, у хавфли деб топилмаган ва навбатдаги капитал таъмирлаш 2025 йилга мўлжалланган. Аҳоли вакилларидан бирига таяниб, агентлик бир ой аввал газ хизмати ускуналарни кўздан кечирганини хабар қилди. 

Мавзуга оид