21 сентябр куни Украина қишлоқ хўжалиги вазири Николай Солский ва унинг полшалик ҳамкасби Роберт Телус ўртасидаги телефон суҳбати ҳақида пресс-релиз эълон қилинди. У «томонлар яқин ва конструктив муносабатларни тасдиқлагани» ҳақидаги имкон қадар эҳтиёткор сўзлардан иборат. Улар «экспорт масалалари бўйича ўзаро ҳамкорлик варианти»ни муҳокама қилган ва Украина ғалласини Европа Иттифоқи мамлакатларига экспорт қилиш бўйича музокараларни давом эттиришга келишиб олган.
Ушбу эҳтиёткор иборалар ортида нафақат Россия-Украина уруши бошланганидан бери, балки сўнгги йилларда Украина ва Полша ўртасидаги энг жиддий можарога барҳам беришга уриниш турибди.
Уруш бошланганидан бери Украина қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш имкониятлари кескин чекланиб қолди. Оқибатда Украинадан Европа Иттифоқи мамлакатларига ўтувчи транспорт йўлакларига юклама ортди. Бу эса Полша, Венгрия ва Словакия фермерлари ғалласи арзонлашишига олиб келди.
Бу биринчи навбатда фермерлар норозилигига сабаб бўлди. Сўнгра ҳукуматлар ўз фермерларини қўллаб-қувватлади – 2023 йил 16 апрелдан бошлаб Украина ғалласини Европа Иттифоқига олиб кириш тақиқланди. Бу қарор Украинанинг Европа Иттифоқидаги қўшнилари томонидан қўллаб-қувватланди.
Аммо Еврокомиссия 15 сентябрдан бошлаб, тақиқни узайтирмасликка қарор қилди. Полша расмийлари бунга жавобан Украина ғалласи импортини тақиқлашда давом этишини айтишди.
Юзага келган тажанглик икки давлат сиёсатчилари ўртасида кескин мулоҳазалар янграшига олиб келди. Ҳатто бу БМТ Бош Ассамблеяси доирасида ҳам, унинг мажлисида ҳам содир бўлди.
Полша президенти Анжей Дуда Украинани чўкиб кетаётган одамга қиёслади. «Ким чўкаётган одамни қутқаришда қатнашган бўлса, бундай одам хавфли эканини билади, чунки у сизни чуқурликка тортиб кетиши мумкин», деди у.
Володимир Зеленскийнинг жавоби бир неча соат ичида келди: «Айни пайтда Европада баъзилар қандай қилиб бирдамликни бузаётгани ва сиёсий театр яратаётгани, ғалладан триллер ясаётганини кўриш даҳшатли. Улар ўз ролини ўйнаётгандек туюлиши мумкин, аммо улар москвалик актёр учун саҳна яратишда ёрдам бермоқда».

Полша томони бунга норозилик билдирди ва ҳар икки давлат сиёсатчилари ўртасида танқидий фикр алмашиш давом этди. Шу фонда Полша бош вазири Матеуш Моравецкий баёноти ажралиб турди. У ўз мамлакати энди ўзини қуроллантираётгани ва Украинага қурол-яроғ етказиб бермаётганини айтди.


















