Зеленскийнинг Вашингтонга ташрифи: Оқ уйда илиқ қабул ва республикачилардаги ноаниқлик
Украина президенти Володимир Зеленский Вашингтонга ташрифини якунлади. Кун тартибидаги охирги масала Оқ уйда президент Жо Байден билан учрашув эди. Бу – икки президентнинг олтинчи ўзаро учрашуви, Зеленскийнинг Оқ уйга учинчи ташрифи бўлди.
Учрашув якунларига кўра, Байден Америка бундан кейин ҳам Украина хавфсизлиги ва мустақиллигига содиқ қолишини таъкидлаган.
«Ахир гап айнан шу ҳақда кетмоқда. Келажак ҳақида, эркинликнинг келажаги ҳақида. Америка ҳеч қачон бундан қайта олмайди. Айнан шунинг учун биз беш юз етмиш беш кундан кейин ҳам Украина билан биргамиз ва сизнинг ёнингизда туришда давом этамиз, жаноб президент», — деган Байден Володимир Зеленскийга мурожаат қила туриб.
Шунингдек, Байден Украина учун навбатдаги ҳарбий ёрдам пакетини тасдиқлаган. Пентагон хабарига кўра, унинг қиймати 325 млн долларни ташкил этади. Бу 30 сентябр куни якунланадиган ҳозирги молия йили бюджетининг қолган қисмидан қопланади.
Пакетдан Киевдагилар анчадан буён сўраб келадиган, 300 км масофага ҳаракатланадиган ATACMS ракеталари ўрин олмаган. Аммо унда HIMARS учун ўқ-дорилар, 155 мм калибрли артиллерия снарядлари, жумладан, кассетали DPICM ўқ-дорилари, шунингдек кўплаб ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари: ҳаво-ҳаво типидаги AIM-9M ракеталари, дронларга қарши курашиш учун йирик калибрли пулемётлар ва Avenger дала зенит-ракета комплекслари ўрин олган.
Байден музокараларда асосий урғу Россия Украинанинг энергетика инфратузилмасини йўқ қилишга қаратилган янги кампания бошлаши кутилаётган қиш мавсумида ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари етказиб бериш масаласига қаратилганини айтган.
Шунингдек, Байден кейинги ҳафтада Украина Американинг дастлабки Abrams танкларини қабул қилиб олишини эслатган. Уларни етказиб бериш (жами 31 дона) бўйича қарор январдаёқ қабул қилинганди, аммо техникани, экипаж ва хизмат кўрсатувчи персонални тайёрлаш кўп вақт талаб этди.
«Жамоатчиликка Украина нима учун бунчалик муҳим эканини эслатиш муҳим, — дея қайд этган Пентагон матбуот котиби генерал Пэт Райдер. — Агар Россия Украинани миллат сифатида йўқ қилишга муваффақ бўлса, у бу билан тўхтамайди. Мен АҚШ ва халқаро ҳамжамиятнинг [Украинадаги урушга] реакциясини Хитой каби мамлакатлар диққат билан кузатиб бораётганига шубҳа қилмайман. Шундай экан, маълум маънода тийиб турувчи таъсир ҳақида ҳам гапириш мумкин».
Республикачилар билан мураккаб мулоқот
Пайшанба куни аввалида президент Зеленский Пентагон вакиллари ҳамда ҳали Украинага 24 млрд доллар миқдоридаги янги ёрдам пакетини маъқуллаши керак бўлган Сенат ва Вакиллар палатаси аъзолари билан ҳам учрашганди.
Сенаторлар ва конгрессменлар билан учрашувлар у қадар дўстона руҳда ўтмади, чунки Вакиллар палатасида кўпчиликни ташкил этувчи Республикачилар партиясининг барча аъзолари ҳам АҚШ бундан кейин ҳам Украинага унинг Россия билан урушида ёрдам кўрсатишда давом этиши керак, деб ҳисобламайди. Америка парламентининг қуйи палатаси спикери, республикачи Кевин Маккарти журналистларнинг Киевга ёрдам масаласи конгрессменлар кўриб чиқиши учун айнан қачон киритилиши тўғрисидаги саволига тўғридан тўғри жавоб беришни истамади.
CNN нашри ўз манбасига асосланиб хабар беришича, Маккарти Украина президенти билан учрашуви ўтказилган залга фотосуратчиларни киритмаган ва матбуотда Зеленский билан тушган сурати тарқалишидан қочиб қолган.
Аммо у Зеленский билан Украина Америка ёрдамини қандай қўллаётгани ҳақида гаплашгани ва бир қанча саволларига жавоб олгани ҳақида айтган. Умуман олганда, Маккартининг сўзларига кўра, учрашув «яхши» ва «самарали» кечган.
Сенатдаги демократик кўпчилик етакчиси Чак Шумер журналистларга Зеленский у билан учрашувда ажратилган молиялаштириш кечикиши хавфи ҳақида огоҳлантирганини айтган.
«Вазиятни умумлаштирадиган бир жумла бор эди. Унинг сўзларини сўзма-сўз келтираман — Зеленский айтди: „Агар биз ёрдам олмасак, урушда ютқазамиз“. Бу ундан иқтибос», — деган Шумер.
Зеленскийнинг ўзи сенаторлар ва конгрессменлар билан жуда кўп масалаларни муҳокама қилганини айтган: «Биз барчаси ҳақида, қўллаб-қувватлов, жанг майдони, бизнинг режаларимиз ҳақида гаплашдик. Мен журналистларга барча тафсилотларни айта олмайман, аммо ўйлайманки, бизда жуда кучли мулоқот бўлди».
Аввалроқ Оқ уй Конгресснинг Киевга янги ёрдам пакетини ажратиш тўғрисидаги қарори Украина қарши ҳужуми муваффақиятини таъминлаш учун «ўта муҳим» эканини маълум қилганди.
Спикер Маккарти, палатадаги кўпчиликлар етакчиси Стив Скейлиз ва озчилик етакчиси Ҳаким Жеффрис билан учрашувлардан кейин Украина президенти твиттердаги саҳифасида Вакиллар палатасидан жуда миннатдор экани ҳақида ёзди.
«Украина ғалабаси — на Россия, на бошқа қайсидир диктатура эркин дунёни беқарорлаштира олмаслигини кафолатлайди. Ғалаба қозониш учун барчамиз бирлашиб, биргаликда ҳаракат қилишимиз керак», деган у.