Президент Шавкат Мирзиёев шу ҳафта Ню-Йоркда бўлиб, C5+1 форматида президентлар иштирокидаги илк мулоқотда қатнашди, БМТ Бош Ассамблеясида глобал масалалар бўйича Ўзбекистоннинг позициясини илгари сурди. Сиёсатшунослар Ҳамза Болтаев ва Камолиддин Раббимов “Геосиёсат” дастурида бу ташрифнинг муҳим нуқталари ҳақида сўз юритди.

— Стратегик шериклик мақомидаги Ўзбекистон ва АҚШ муносабатлари ҳозирги вақтда қай даражада?

Ҳамза Болтаев: АҚШ ва Ўзбекистон муносабатларида 2016 йилдан олдинги ҳолатга нисбатан анча илиқлашувни кўриш мумкин. АҚШ – собиқ иттифоқ тарқагач, Ўзбекистон мустақиллигини тан олган биринчи давлатлардан.

Икки ўртадаги муносабатларда турли даврлар – илиқлашув, ёмонлашув, ҳатто санкцияларгача бориб кетилган пайтлар бўлди. Ҳозир эса муносабатлар жуда ҳам яхши даражада. Ҳозирда келишилган ва декларатив характердаги баёнотларни амалга ошириш чораларини кўришни бошлаш ҳам мақсадга мувофиқ, деб ўйлайман.

Камолиддин Раббимов: Ўзбекистон ташқи сиёсатида АҚШ 4 та катта геосиёсий векторлардан бири ҳисобланади, булар: Хитой, Россия, глобал жануб ва АҚШ.

Марказий Осиё макроҳудуд бўлиб, 2016 йилдан буён алоҳида субъект бўлишга ҳаракат қилиб келяпти. Марказий Осиё марказидаги давлат эса Ўзбекистон. Ўзбекистоннинг АҚШ билан муносабатлари юқорида айтилган қолган 3 та вектор билан торозига солинади, яъни АҚШ билан муносабатлар ижобий нейтрал позицияда дейиш мумкин. АҚШ ҳозир биз учун оппонент бўлган давлат эмас. Андижон воқеаларидан то 2010 йилга қадар Вашингтон Тошкент учун оппонент эди, бу даврда муносабатлар совуқ бўлди. 90-йиллар ўрталаридан 2004 йилгача эса Ўзбекистон ташқи сиёсатида расмий Вашингтонга йўналиш олган эди, аммо бу ички сиёсатда ўз аксини топмади, яъни инсон ҳуқуқлари, демократияда кўринмади. Ўша даврда Ўзбекистон қаттиқ авторитар давлат бўлиши билан биргаликда, АҚШга йўналиш олган эди.

2016 йилда Ўзбекистон ташқи сиёсати ўзгарди. Унгача Ўзбекистон дихотомия (бир томон билан яқинлашиш ва бошқа томонлар билан узоқлашиш) концепциясида ташқи сиёсат олиб борарди, яъни оқ ва қора. Бирор бир қудратли давлатга йўналиш оларди ва ўша давлат оппонентлари Ўзбекистонга ҳам оппонент бўларди. Бугунги кунда ундай эмас. Ўзбекистон мувозанат сақлашга ҳаракат қиляпти. Россия, Хитой, Туркия, Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон каби давлатлар билан ижобий муносабатда бўлиб келяпти. Улар ўртасидаги зиддиятлар Ўзбекистонга тааллуқли эмас, деган позиция бор.