АРСЕНАЛ – ТОТТЕНҲЭМ (24 сентябр, 18:00)

Лондон дербиси бу сафар нафақат ўзаро муносабатлар ва муросасизлик, балки турнир нуқтаи назаридан ҳам марказий учрашувга айланиши шубҳасиз. Ҳар иккиси ҳам бир хил – 13тадан очко тўплаб, «Манчестер Сити»ни таъқиб қилиб боришмоқда ва бу йўлда давом этиш учун ушбу учрашувда очко йўқотмаслик шарт.

Қизиғи, мавсум энди бошланган бўлса-да, ҳар икки клуб жамоа сифатида ҳар томонлама ўзини кўрсатиб улгурди, турли сценарийдаги, турли шароитдаги ўйинларда қатнашди. Ҳар икки жамоада ўртамиёна клуб билан голли дуранглар, камбэклар, сўнгги дақиқалардаги, ҳамда йирик ғалабалар ҳам бўлиб улгурди. Яъни футболчилар ана шундай турли услуб ва сценарийлардаги ўйинлар туфайли, ҳам руҳий, ҳам жисмоний томондан мавсумнинг авжига тайёр, деб бемалол айтиш мумкин. Бу фактор эса ўйинни ҳар жиҳатдан қизиқарли қилишига ва ҳатто жамоалар очиқ услубга ўтиб кетишлари учун шароит яратади, албатта.

Фото: Getty images

Икки йил олдин «Тоттенҳэм» сўнгги турларда, ўзаро ўйиндаги йирик ғалаба туфайли «Арсенал»ни бешинчи ўринда қолдириб кетганди. Ўтган йили эса ҳар икки ўйинда «қизиллар»нинг қўли баланд келди, «Тоттенҳэм» анча муваффақиятсиз мавсум ўтказди. Умуман сўнгги ўн йилликни оладиган бўлсак ҳам, ўзаро ўйинларда кучлар деярли тенг, ҳар икки томонда саккизтадан ғалаба ва олти дуранг мавжуд. Айнан АПЛ доирасидаги ўйинларни олсак, меҳмонлар учун унча яхши бўлмаган серия бор – «Тоттенҳэм» бу стадионда охирги марта 2010 йилнинг ноябрида ғалаба қозонган. Ўша ўйинда голларни Самир Насри, Рафаэл ван дер Варт ҳамда Гарет Бэйл урганини, майдонда Аршавин, Модрич, Фабрегас ва Галласлар ҳаракат қилганини эсласак, бу воқеага жуда кўп бўлганини тасаввур қилишингиз осон.

Таркибларга тўхталадиган бўлсак, «Арсенал»да сезиларли йўқотиш – Габриел Мартинеллининг жароҳатидир. У «Эвертон»га қарши ўйиннинг бошларида майдонни тарк этганди. Лекин яна бир жиҳат, унинг ўрнида ҳаракат қилаётган Леандро Троссар ўзига берилган имкониятдан унумли фойдаланмоқда ва кейинги ҳар икки ўйинда ҳам гол уришга муваффақ бўлди. Мартинеллидан ташқари, Томас Парти ҳам тахминан яна бир ой шерикларига ёрдам бера олмаса керак. Меҳмонлар сафида эса янги жароҳатлар йўқ. Фақат «Шеффилд»га қарши камбэк сабабчиларидан бири бўлмиш тажрибали Иван Перишич узоқ муддатга сафдан чиққани маълум бўлди. Сўнгги ўйинларда у асосий таркибда ҳаракат қилмаётган бўлса-да, ўйин давомида жамоани кучайтириш ва мураббийга турли режаларни тузишда жуда фойдали ижрочилардан бири эди.

Дарвоқе, яна бир омил шундаки, «Тоттенҳэм» рақибидан фарқли равишда ҳафта ўртасида ўйин ўтказмади. «Арсенал» чоршанба куни «ПСВ»га қарши ЕЧЛ ўйинида гарчи осон ғалабага эришган бўлса-да, айни шу дербига тайёргарлик борасида «Тоттенҳэм»да кўпроқ вақт бўлгани ва футболчилар жисмоний нуқтаи назардан яхшироқ ҳолатда бўлишини айтиш лозим бўлади. Агар ўйин тақдири эртароқ ҳал бўлмаса, ўйин охирига борган сари «Тоттенҳэм»нинг имконияти ошиб борса керак.