Жаҳон | 09:28 / 25.09.2023
16445
3 дақиқада ўқилади

Пашинян: Арманистон олдида танлов турибди – эркинлик ёки губернияга айланиш

Никол Пашинян номини тилга олмаган ҳолда Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотини танқид қилиб, ташкилот Арманистоннинг манфаатларини ҳимоя қилишда самарасиз эканини айтди.

Фото: DPA/ТАСС

Арманистон танлов олдида турибди - мустақил давлат ёки бирон бир давлатнинг губерниясига айланиш, деб ҳисоблайди республика бош вазири Никол Пашинян. «Сўнгги йилларда биз билан содир бўлаётган воқеаларнинг чуқур маъноси шундан иборат: Арманистон суверен, эркин, демократик мамлакат бўладими ёки қўрқиб қолган губернияга айланадими?» - деди Пашинян 24 сентябр, якшанба куни видеомурожаатида. 

Пашинян фикрича, Арманистон тинч, ривожланган, эркин ва демократик давлат бўлиши керак. «Аммо бу йўлда биз эркин ва суверен давлатга эга бўлиш иродамизни тасдиқлашимиз керак ва барча ҳамкасбларимизни ҳурмат қилган ҳолда шу йўлдан бормоқдамиз. Халқимиз, давлатимиз, суверенитетимиз ва эркинлигимиз учун ҳам худди шундай ҳурматни кутмоқдамиз», деди у.

Пашинян Арманистон «мустақиллик, суверенитет, демократия, бахт ва эркинлик учун курашда ғалаба қозонишига» ишонч билдирди. Шу билан бирга, у Арманистоннинг иттифоқчилари «республика заифлигини ва мустақил давлатга эга бўлишнинг иложи йўқлигини кўрсатиш» мақсадини кўзламоқда, деган фикрни билдирди. 

Ташқи хавфсизлик тизимларини танқид қилиш 

Никол Пашинян Арманистон иштирок этаётган ташқи хавфсизлик тизимларини танқид қилиб, улар ўз мамлакати хавфсизлиги ва давлат манфаатларини ҳимоя қилишда самарасиз эканини айтди. 

«Биз сўнгги ўн йилликларда бу сиёсатнинг турли кўринишларини кўрдик. Арманистон мустақиллигини шубҳа остига қўювчи баёнот ва формулаларга қўшилмаймиз. Баъзи ҳамкорларимиз хавфсизлик соҳасида заифлигимизни кўрсатиш учун тобора кўпроқ ҳаракат қилмоқда. Ҳозир улар дипломатик, давлатлараро муносабатлар этикасини, барча меъёрларни, шартномалар бўйича ўз зиммаларига олган мажбуриятларни бузган ҳолда, нафақат ташқи, балки ички хавфсизлик ва барқарорликни хавф остига қўймоқда», — деди Арманистон бош вазири.

Бир кун аввал Никол Пашинян АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен билан телефон суҳбатида Тоғли Қорабоғдаги ҳуманитар вазият ва бу минтақадаги арманларнинг ҳуқуқлари ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилганди. Арманистон ҳукумати матбуот хизмати хабар беришича, томонлар Арманистон-Озарбойжон тинчлик жараёни истиқболлари, минтақавий хавфсизлик масалалари ва икки томонлама кун тартибини ҳам кўриб чиққан.

Мавзуга оид