Шавкат Мирзиёев ҳузурида темирйўл соҳасида ҳал қилиниши лозим бўлган асосий масалалар юзасидан йиғилиш ўтказилди.

Қайд этилишича, халқаро майдондаги вазият ҳисобига транспорт-логистика харажатлари бир неча баробар ошиб кетган. Ўзбекистон каби дунё океанларига тўғридан тўғри чиқиш имкони йўқ мамлакатлар учун энг қулай ва арзон транспорт бу – темирйўл ҳисобланади. Лекин, ҳозир ички бозорда маҳсулотнинг атиги 5 фоизи, экспортда эса 45 фоизи темирйўл орқали ташилмоқда. Яъни темирйўл компанияси автомобилда юк ташиш билан рақобат қила олмаяпти.

Йиғилишда темирйўл соҳасидаги ислоҳотлар суръати иқтисодиётнинг барча тармоқларида амалга оширилаётган янгиланишлардан ортда қолаётгани, бу соҳада ҳам туб ўзгаришларни амалга ошириш вақти келгани таъкидланди.

Жумладан, бундан икки ой аввал соҳага янги раҳбар тайинланган эди. Тизимда эскича фикрлайдиган, ташаббус билдирмайдиган 30 га яқин раҳбар янгиланди. Самарасиз штатлар қисқартирилди.

Президент топшириғига кўра, 191 та темирйўл станциясига борилиб, улардаги ҳақиқий аҳвол таҳлил қилинди, 500 дан зиёд тадбиркорлар билан учрашилди. Ушбу тадбирлар натижасида соҳада ҳал қилиниши бўлган асосий муаммолар аниқланиб, уларнинг ечимлари белгилаб олинди.

Жумладан, айрим темирйўл корхоналари рентабеллиги паст, вагонлар паркининг бир қисми таъмирталаб ва янгиланишга муҳтож, соҳада хусусий сектор иштироки учун зарур имкониятлар яратилмаган, чипта сотишдаги коррупция, вагонлардаги шароит ва сервисдан аҳолимиз норози. Буларнинг барчаси соҳани ислоҳ қилиш заруриятини кўрсатмоқда.

Давлат раҳбари айрим темирйўл станцияларининг даромади ўз харажатларини қопламаётганига эътибор қаратди.

Масалан, «Назарбек» станцияси атрофида ҳам акциядорлик жамиятига қарашли, ҳам хусусий логистика компаниялари жойлашган. «Темирйўл»га қарашли «Юксарой» корхонаси йилига 1 гектар майдондан 277 миллион сўм даромад топган бўлса, хусусий корхоналар 1 миллиард сўмдан ортиқ даромад олаяпти.

Шу муносабат билан темирйўл станцияларига хусусий секторни жалб қилиш ва инвестиция киритиш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди.

Йиғилишда импорт вагонларининг катта қисми пойтахт ва вилоят марказларига кириб келиши оқибатида станцияларда тирбандлик юқори бўлаётгани кўрсатиб ўтилди. Шу муносабат билан темирйўл юк станцияларини шаҳарлардан ташқарига кўчириш имкониятини ўрганиш зарурлиги қайд этилди.