“Навоий-Зарафшон-Учқудуқ” йўлининг катта қисми чўл ҳудудидан ўтган. Қизилқум чўлининг бу қисмида чорва моллари кўп учрайди ва улар эркин қўйиб юборилган ҳолда боқилади. Шу сабабли, кутилмаганда йўлдан қўй, от, туя ёки қорамол ўтиб қолиши ҳеч гап эмас. Бу эса ҳайдовчилар учун доим хавф бўлиб келган.
Ушбу йўлда уй ҳайвонлари билан боғлиқ автоҳалокатлар кўп учраб туради. Уларнинг айримлари инсонларнинг ўлими билан якунланган.
Шу сабабли, мазкур йўлнинг чўл ҳудудидан ўтган қисмида уй ҳайвонлари шаклидаги ўнлаб макетлар ўрнатиб чиқилган.




Аммо ҳайдовчиларни огоҳлантириш учун ўйлаб топилган бу “инновацион” ғоянинг фойдасидан зарари кўп бўлиши мумкин.
“Қотил” макет
Ҳайвон кўринишидаги макетлар ҳайдовчиларни огоҳлантиришдан кўра кўпроқ чалғитади. Бу чалғитиш айниқса тунги вақтларда каррасига ошади: “ҳайвонлар” гўёки йўлга чиқиб келаётгандек ҳолатда қўйилган. Табиийки, унга кўзи тушган ҳайдовчида йўлга ҳайвон чиқиб келаяпти, деган тасаввур уйғонади. Ҳайдовчи онгли равишда ҳайвонни уриб юбормаслик учун ундан қочиш мақсадида рулни қарама қарши томонга буради. Айни шу вазиятда қарама-қарши томонидан машина келаётган бўлса, тўқнашув содир бўлади.
Икки кун олдин Учқудуқ туманида уч кишининг ўлими билан якун топган ЙТҲ содир бўлди. Nexia ҳайдовчиси кутилмаганда бошқарувни йўқотиб, йўлнинг қарама-қарши йўналишида ҳаракатланган. Оқибатда икки машина тўқнашиб кетган.
ЙТҲ содир бўлган жойда йўл четига сигир макети ўрнатилган.

Kun.uz’да мавжуд бўлган маълумотга кўра, ЙТҲ содир бўлган жойда йўлнинг умумий кенглиги 15 метрни, қатнов қисмининг кенглиги 9 метрни ташкил этади. Йўлнинг ушбу оралиғи шу йил май ойида таъмирланган. Демак, ҳайдовчи кутилмаганда бошқарувни йўқотиши учун учта вариант бор: техник носозлик, ухлаб қолиш ёки нимадандир чалғиш. Бу бошқарувни йўқотган ҳайдовчини сигир макети чалғитган бўлиши мумкин, деган тахминни юзага чиқаради.




















