Жаҳон | 13:45 / 29.09.2023
10370
3 дақиқада ўқилади

Лавров: Россия АҚШ ва НАТО ҳарбий инфратузилмаси Афғонистонга қайтишини қабул қилмайди

Қозонда «Толибон» ҳаракати вакиллари иштирокида Афғонистон бўйича Москва форматидаги маслаҳатлашувларнинг бешинчи йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

Фото: РИА Новости

Россия минтақадан ташқари ўйинчиларнинг Афғонистондаги фаолиятини фаоллаштиришга уринишларидан хавотирда. Бу ҳақда Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг Афғонистон бўйича Москва форматидаги маслаҳатлашувлар иштирокчиларига мурожаатида айтиб ўтилди, уни йиғилишда Россия президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Замир Кабулов ўқиб эшиттирди.

Минтақа давлатларининг саъй-ҳаракатларини НАТО блокига аъзо давлатлар билан тўлақонли бирлаштириш, Лавров таъкидлаганидек, «агар иккинчиси ўзининг бутунлай фиаско билан якунланган Афғонистондаги 20 йиллик ҳарбий мавжудлиги аянчли натижалари учун барча масъулиятни тўлиқ тан олган тақдирдагина мумкин».

«Афғон халқига тузатиб бўлмас зиён етказган Ғарб давлатлари можародан кейин мамлакатни қайта қуриш юкини кўтариши керак. Шу нуқтаи назардан, Вашингтоннинг афғон банк ҳолдингларини блоклаши тескари самара беради ва вазиятни янада оғирлаштиради, оддий афғонларнинг шусиз ҳам оғир турмуш шароитини мураккаблаштиради», — деди Россия дипломатияси раҳбари.

Шу билан бирга, Лавров АҚШ ва НАТО ҳарбий инфратузилмасининг Афғонистон ва унга қўшни давлатларга қайтарилиши Россия учун номақбул эканлигини маълум қилди.

«Биз ҳар қандай шароитда ҳам АҚШ ва НАТО ҳарбий инфратузилмасини Афғонистон ва унга қўшни давлатлар ҳудудига қайтаришни, улар қандай баҳоналар билан оқланишидан қатъи назар қабул қилиб бўлмайди, деб ҳисоблаймиз. Биз бу масалада айниқса ҳушёр бўламиз ва Москва форматидаги барча ҳамкорларни ҳам шундай қилишга чақирамиз», — дейилади ТИВ раҳбари хабарида.

Қозонда Афғонистон бўйича Москва форматидаги маслаҳатлашувларнинг бешинчи йиғилиши бўлиб ўтмоқда. Учрашувда иштирок этиш учун Қозонга «Толибон» ҳаракати вакиллари ва бошқалар етиб келди. Форумда, шунингдек, Татаристон Республикаси раҳбари Рустам Минниханов, Россия президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили, Россия Ташқи ишлар вазирлигининг Осиё бўйича 2-департаменти директори Замир Кабулов, Афғонистон муваққат ҳукумати ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Амир Хон Муттақий, шунингдек, Саудия Арабистони, Қатар, Хитой, БАА ва Туркия делегациялари иштирок этмоқда.

Москва формати 2017 йилда Россия, Афғонистон, Ҳиндистон, Эрон, Хитой ва Покистон махсус вакиллари ўртасида олти томонлама маслаҳатлашув механизми асосида яратилган. Биринчи учрашув 2017 йилнинг 14 апрелида 11 давлат, жумладан, Афғонистон томони вазир ўринбосарлари ва махсус вакиллари иштирокида бўлиб ўтган эди. 

Аввалги, тўртинчи учрашув 2022 йил ноябр ойида Москвада толиблар иштирокисиз ўтказилган. 

Мавзуга оид