Ўзбекистон | 16:39 / 29.09.2023
11615
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё мамлакатлари етакчиларининг Германия президенти билан учрашувида иштирок этди

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Германияга амалий ташрифи доирасида 29 сентябр куни Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Германия Федерал президенти Франк-Валтер Штайнмайер билан учрашувида иштирок этди.

Тадбирда Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон, Туркман халқи миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов ҳам қатнашди.

Учрашувда конструктив сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникациявий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Минтақавий хавфсизлик ва барқарор тараққиётни, шу жумладан Европа Иттифоқи дастурлари доирасида таъминлашнинг долзарб жиҳатлари юзасидан фикр алмашилди.

Давлат раҳбари ўз сўзида “Марказий Осиё - Германия” форматидаги ҳамкорлик истиқболларига алоҳида тўхталди. Амалий ҳамкорликнинг устувор йўналишларига, энг аввало юксак технологиялар ва инновацион ривожланиш, транспорт коммуникациялари, “яшил” энергетика, касбий таълим, фаол маданий ва академик алмашинувларга алоҳида эътибор қаратилди. 

Германиянинг етакчи компания ва банклари Ўзбекистондаги фаолиятини кенгайтираётгани катта мамнуният билан қайд этилди. Ёшларимизда немис тилига қизиқиш ортиб бораётгани таъкидланди – бугунги кунда юртимизда уни қарийб 300 минг нафар мактаб ўқувчилари ва талабалар ўрганмоқда.

Суҳбатда Германия Федерал президенти Ўзбекистон етакчисини Берлин шаҳридаги дунёга машҳур Жеймс Симон галереясида ноёб маданий-тарихий кўргазма муваффақиятли ўтказилгани билан табриклади. Бир неча ой ичида кўргазмага 200 минг нафар берлинликлар ва Германия пойтахти меҳмонлари ташриф буюрди.

Мавзуга оид