Ўзбекистон | 09:16 / 30.09.2023
4754
3 дақиқада ўқилади

Муҳим ахборот инфратузилмаси объектларининг киберхавфсизлиги текширилади

Баҳолаш киберхавфсизлик ва муҳим ахборот инфратузилмаси объектлари раҳбарларининг ДХХга тақдим қилган мурожаатига мувофиқ ўтказилади.

ДХХ раисининг «Ўзбекистон киберхавфсизлик ва муҳим ахборот инфратузилмаси объектларининг киберхавфсизлигини таъминлаш даражасини баҳолаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида» буйруғи имзоланди.

Баҳолаш киберхавфсизлик ва муҳим ахборот инфратузилмаси объектлари раҳбарларининг ДХХга (давлат органи) тақдим қилган мурожаатига мувофиқ ўтказилади.

Муҳим ахборот инфратузилмаси объектлари — давлат бошқаруви ва давлат хизматлари кўрсатиш, мудофаа, давлат хавфсизлигини, ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш, ёқилғи-энергетика мажмуи (атом энергетикаси), кимё, нефть-кимё тармоқлари, металлургия, сувдан фойдаланиш ва сув таъминоти, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, уй-жой коммунал хизматлар кўрсатиш, банк-молия тизими, транспорт, ахборот-коммуникация технологиялари, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, стратегик аҳамиятга эга бўлган фойдали қазилмаларни қазиб олиш ва қайта ишлаш соҳасида, ишлаб чиқариш соҳасида, шунингдек, иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида ва ижтимоий соҳада қўлланиладиган ахборотлаштириш тизимлари.

Баҳолаш бевосита ваколатли давлат органи ташаббусига кўра ёки унинг топшириғи асосида “Киберхавфсизлик маркази” ДУК томонидан амалга оширилиши мумкин. Баҳолаш муддати – 3 ойгача, ушбу муддат қўшимча 3 ойга узайтирилиши мумкин.

Баҳолаш жараёнида киберхавфсизлик ва муҳим ахборот инфратузилмаси (МАИ) объектларининг киберхавфсизлигига салбий таъсир этувчи таҳдидлар мавжудлиги, хусусан, қуйидаги масалалар ўрганилади:

  • киберҳимояни таъминлаш тизимининг самарадорлиги; маълумот ва уни қайта ишловчи объектлардан рухсатсиз фойдаланишни олдини олиш чораларининг жорий этилгани;
  • киберҳимояни таъминлаш тизими параметрларининг техник регламентлар талабларига мувофиқлиги, киберхавфсизлик ва МАИ объектининг узлуксиз фаолият юритишини таъминловчи чора-тадбирлар жорий этилгани;
  • киберхавфсизлик ҳодисаси рўй берганда киберҳимояни таъминлаш тизимининг тезкор тиклаш имконияти мавжудлиги;
  • киберҳужумларни мониторинг, аудит ва таҳлил қилиш, аниқлаш, чора кўриш ҳамда асоратларини бартараф этиш тизимининг йўлга қўйилгани;
  • киберхавфсизлик ва МАИ объектини киберхавфсизлигини ва унинг эксплуатациясини таъминловчи ҳужжатларнинг мавжудлиги;
  • киберхавфсизликни таъминлаш билан боғлиқ лавозимларга мутахассисларнинг тайинлангани;
  • конфиденциал маълумотлар ҳимоясининг таъминлангани.

Баҳолаш натижалари бўйича бартараф этилиши талаб этиладиган камчиликларни акс эттирувчи далолатнома тузилади 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид