Тошкент вилояти Оҳангарон тумани, Олмалиқ шаҳридан 12 км шимоли-шарқда жойлашган Тункат ёдгорлигида шу йилнинг ёз ойларидан бери археолог олимлар томонидан қазишма ишлари олиб борилади. Бу ҳақда Kun.uz'га академик Аҳмадали Асқаров илмий раҳбарлигидаги бир гуруҳ олимлар маълум қилди.

 

Таъкидланишича, қазишма ишлари олдидан гуруҳ томонидан ёдгорликнинг Шаҳристон, Работ, қабристон қисмларида тадқиқотлар олиб бориш режалаштирилган. Якуний натижалар кутилганидан кўра аъло бўлган.

Археологик қазув шаҳарнинг шимолий қисмига нисбатан баландроқ тепаликни очиб ўрганишдан бошланиб, дастлаб қазишма ишлари 12х12 ўлчамдаги майдонда ўтказилган.

Тадқиқотлар давомида ўрта асрларга оид 10 дан ортиқ хоналар, 200 дан зиёд сирланган ва сирланмаган сопол бўлаклари, 20 га яқин тангалар, 10 га яқин чироқлар, кўплаб шиша идиш парчалари, металл буюмлар ва эритилган металл шлак (тошқол) қолдиқлари топилган.

Қайд этилишича, идишлар ичида сирланганлари алоҳида эътиборга лойиқ. Бу идишларнинг асосига оқ рангда ангоб берилиб, қизил, сариқ, яшил, қора ва бошқа ранглар билан нақшлар берилган. Айримларига қушлар ва ҳайвонлар тасвири ишланган. Баъзилари эса араб алифбосининг куфий хатидаги сўзлар билан безатилган. Бундай безакли идишлар нафақат Оҳангарон, Тошкент воҳаси, балки Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам учраб туради. Улар олимлар томонидан IХ-ХI асрлар билан даврлаштирилган. Бу даврда Туркистон ҳудудлари сомонийлар ва қорахонийлар сулоласи томонидан бошқарилган.

Чироқлар ҳам сирланган идишлар сингари оқ ангоб билан бўялиб, устидан қора ранг ёрдамида анъанавий тарзда, куфий хатидаги сўзлар билан безатилган. Бундай бежирим идишлар, тарихий Туркистон ҳудудидаги биринчи мусулмон ренессанси (уйғониш) даврида санъатнинг нақадар ривожланганини ҳам кўрсатиб беради.

Тангалар орасида VII-VIII асрларга тегишли Чоч тангаларидан тортиб, XI аср бошларидаги қорахонийлар сулоласининг ҳукмронлик даврига оидларини ҳам учратиш мумкин. Чоч тангаларининг айримларида ҳукмдор билан ёнма-ён малика (хватун, хотун)нинг ҳам қиёфаси бор.

Маълумотларга кўра, тангалар VII-VIII асрларнинг антропологик қиёфасини намоён этиб, маъмурий соҳада аёл кишининг мавқейи сезиларли даражада бўлганини кўрсатади. Қолган тангалар ичида сомонийлар вакилларидан Яҳё ибн Аҳмад, Наср ибн Аҳмад, қорахонийлардан Наср ибн Али ва бошқа ҳукмдорларнинг номи акс этган тангаларни топиш мумкин.