13:58 / 01.10.2023
21126

Осиё Ўйинлари-2022. Ўзбекистон Саудия Арабистонини мағлуб этиб, яримфиналга йўлланма олди

Осиё Ўйинлари-2022 футбол дастурида чоракфинал баҳсларига старт берилди. Ўзбекистон олимпия жамоаси Саудия Арабистонига қарши саф тортди.

Ҳангжоудаги стадионда ўтган ўйинда Темур Кападзе шогирдлари баҳсни ҳужумкор бошлаб, 24-дақиқада Жасур Жалолиддиновнинг узатмасидан кейин Миразамат Мирсаидов чиройли голи билан ҳисобни очди – 1:0.

Биринчи бўлим якунида эса дарвозабон Владимир Назаровнинг узатмасидан кейин Алишер Одилов рақиб жамоа ҳимоячилари ва дарвозабонини ортда қолдириб, узоқ масофадан бўш дарвозани ишғол этди – 2:0.

Иккинчи бўлимни нисбатан хотиржамроқ ўтказган вакилларимиз 65-дақиқада ҳимоядаги бўш ўйин учун жазоланишди – 2:1.

Қолган дақиқаларда ғалабали ҳисобни сақлаб қолган олимпиячиларимиз Саудия тўсиғидан ўтиб, яримфиналга йўлланма олган дастлабки жамоага айланишди. Кападзе шогирдлари яримфиналда Хитой – Жанубий Корея учрашуви ғолибига қарши ўйнайди. Баҳс 4 октябрда ўтказилади.

Эслатиб ўтамиз, куни кеча Ўзбекистон аёллар футбол жамоаси ҳам Хитой Тайпейини мағлуб (2:1) этиб, Шимолий Кореяга қарши ўтадиган яримфиналга йўлланма олганди.

Осиё Ўйинлари-2022. Футбол. Чоракфинал
Ўзбекистон U23 – Саудия Арабистони U23 – 2:1

Голлар: Саидазамат Мирсаидов 24, Алишер Одилов 44 – Муҳаммад Марран 65.
Ўзбекистон: 12.Владимир Назаров, 2.Саидазамат Мирсаидов (Русланбек Жиянов, 77), 5.Муҳаммадқодир Ҳамралиев, 8.Беҳзод Шамсиев (Маҳмуджон Маҳамаджонов, 67), 10.Жасур Жалолиддинов, 14.Иброҳимхалил Йўлдошев, 16.Асадбек Раҳимжонов, 17.Абдурауф Бўриев, 18.Алибек Давронов, 19.Ҳусайн Норчаев, 22.Алишер Одилов.
Захира: Ҳамидилло Абдунабиев, Отабек Боймуродов, Шоҳжаҳон Султонмуродов, Отабек Жўрақўзиев, Шерзод Эсанов, Элдорбек Бегимов.
Саудия Арабистони: 21. Аҳмад Фаҳад, 2. Муҳаммад Воҳиб Абу Аш-Шамат, 4. Райён Муҳаммад Ҳамид, 5. Муҳаммад Ал-Яъми, 12. Закариё Ҳавсави, 8. Файсал Ал-Ғамди, 10. Саад Фаҳад Алҳн-Насср, 11. Аҳмад Мазен Ал-Ғамди, 14. Авад Ҳайдар, 18. Мусаб Аж-Жувайр, 16. Муҳаммад Марран.

Top