Жаҳон | 08:24 / 02.10.2023
3820
2 дақиқада ўқилади

КИП Анқарадаги портлаш учун жавобгарликни ўз зиммасига олди

Якшанба куни эрталаб Анқарадаги парламент биноси ёнида икки киши портлаш уюштирди. Бири полиция томонидан отиб ўлдирилган, иккинчиси ўз жонига қасд қилган.

Фото : Туркия ташқи ишлар вазирлиги

Туркия, Европа Иттифоқи ва АҚШ томонидан расман террорчи ташкилот деб топилган Курдистон ишчилар партияси (КИП) Анқарадаги Туркия парламенти ва Ички ишлар вазирлиги яқинидаги портлаш учун жавобгарликни ўз зиммасига олди. 1 октябр, якшанба куни КИП портлаш ўзига қарашли «Ўлмас баталон» гуруҳи томонидан амалга оширилганини маълум қилди. У 2016 йилда Истанбулдаги терактлар учун ҳам жавобгарликни ўз зиммасига олган.

Туркия ҳукумати Анқарадаги Ички ишлар вазирлиги биноси яқинидаги портлашни теракт деб атади

Туркия пойтахти Анқара марказида 1 октябр куни эрталаб портлаш содир бўлди. Расмий маълумотларга кўра, мамлакат парламенти яқинида жойлашган мамлакат Ички ишлар вазирлиги биносига уюштирилган ҳужумни ИИВ Бош қўриқлаш бошқармасининг кириш эшиги томон машинада борган икки киши амалга оширган. 

Улардан бири хавфсизлик кучлари томонидан отиб ўлдирилган, иккинчиси ўз жонига қасд қилган, деб хабар қилди ИИВ. Ҳужум чоғида икки полициячи яраланган, дея қўшимча қилди маҳкама. Ҳужум Туркия парламентининг президент Ражаб Тоййиб Эрдўған томонидан очилган мажлиси бошланишидан бир неча соат олдин содир бўлган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид