Туркия парламенти 10 август куни тақиқланган Курдистон ишчилар партияси аъзолари учун чекланган ва муайян шартларга боғланган амнистияни назарда тутувчи қонунни қабул қилди.
Овоз беришда 468 нафар депутат қонунни қўллаб-қувватлади, 88 нафар депутат қарши овоз берди, яна олти нафар депутат бетараф қолди.
AFP агентлиги маълумотига кўра, янги қонун КИП аъзоларига қуролли фаолиятдан воз кечиб, Туркияда тинч ҳаётга қайтиш имконини берувчи ҳуқуқий механизмни яратади.
Ҳужжатга мувофиқ, айрим жиноятлар бўйича жиноий таъқиб ва тайинланган жазоларнинг ижроси беш йилдан ўн йилгача бўлган муддатга тўхтатиб турилиши мумкин.
Агар шахс ушбу давр мобайнида янги жиноят содир этмаса, унга нисбатан олиб борилаётган тергов тугатилади, тайинланган жазо эса ўталган деб ҳисобланади.
Бироқ қотиллик каби оғир жиноятларга алоқадор шахслар ушбу тартибдан фойдалана олмайди.
Туркия депутатлари маълумотларига кўра, қонунни амалга оширишнинг биринчи босқичида мамлакат қамоқхоналарида сақланаётган КИПнинг қарийб 10 минг нафар собиқ тарафдоридан тахминан 3,5 минг нафари озод қилиниши мумкин.
Шу билан бирга, амнистия шартлари автоматик равишда кучга кирмайди. Аввало Туркия хавфсизлик идоралари КИП ва унга боғлиқ тузилмалар тарқатилгани ҳамда улар қуролларини топширганини тасдиқлаши керак.
Ушбу хулоса Туркия Миллий хавфсизлик кенгаши томонидан маъқулланиши ва расмий нашрда эълон қилиниши лозим.
Ўжалан масаласи очиқ қолди
Янги қонунда Курдистон ишчилар партияси асосчиси Абдулла Ўжаланнинг келгуси тақдирига оид алоҳида қоида белгиланмаган.
Ўжалан 27 йилдан буён қамоқда сақланмоқда. КИП вакиллари эса уни озод қилмасдан туриб, қонуннинг кўплаб қоидалари кутилган натижани бермаслигини билдирган.
Эрдўған маъмурияти қонунни «муҳим сигнал» деб атади
Қонун лойиҳасини президент Ражаб Тоййиб Эрдўғаннинг ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партияси депутатлари, унинг иттифоқчиси — Миллатчи ҳаракат партияси ҳамда курдпараст мухолифатдаги DEM партияси вакиллари қўллаб-қувватлади.
Туркия президенти маъмурияти қонун қабул қилинишини «терроризмсиз Туркия» мақсадини амалга ошириш йўлидаги «муҳим сигнал» сифатида баҳолади.
Президент маъмурияти буни «тарихий қадам» деб атаб, қарор мамлакатда тинчликни, шунингдек, жамият бирлиги ва давлат яхлитлигини мустаҳкамлашга хизмат қилиши кераклигини билдирди.
КИПнинг қуролли кураши
Абдулла Ўжалан Курдистон ишчилар партиясига 1978 йилда асос солган. Кейинчалик ташкилот курдлар ҳуқуқлари ва дастлаб мустақил Курдистон ташкил этиш мақсадини илгари суриб, Туркия давлатига қарши қуролли кураш йўлини танлаган.
AFP маълумотига кўра, 1984 йилдан бошланган КИП ва Туркия армияси ўртасидаги қуролли тўқнашувларда камида 50 минг киши ҳалок бўлган.
2013 йилда томонлар ўртасида ўт очишни тўхтатиш режими эълон қилинган, аммо 2015 йил ёзида тинчлик жараёни барбод бўлган.
2025 йил февралида Имрали оролида жазо ўтаётган Ўжалан КИПни қуролни топшириш ва ўзини ўзи тарқатишга чақирган.
Орадан уч ой ўтиб, КИП раҳбарияти ташкилот тарқатилиши ва Туркия давлатига қарши кўп йиллик қуролли кураш тўхтатилишини эълон қилган.
2025 йил июлида қуролсизланиш жараёни бошланган. Октябр охирида КИП ўз қуролли тузилмаларини Туркия ҳудудидан олиб чиқишини, ноябрда эса Ироқ шимолидаги Туркия билан чегарадош ҳудуддан ҳам чекинишини маълум қилган.
Курдистон ишчилар партияси Германияда 1993 йилдан буён экстремистик ташкилот сифатида тақиқланган. АҚШ, Европа Иттифоқи, Буюк Британия, Канада ва Австралия эса КИПни террорчилик ташкилоти деб ҳисоблайди.











