“Beeline Academy” Ўзбекистоннинг ёш фуқароларига ҳам онлайн, ҳам сиртқи таълим платформасидан фойдаланиш имкониятини беради. Хусусий ва давлат ташкилотлари маълумотларини эҳтимолий таҳдидлардан ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш учун киберхавфсизлик бўйича мутахассисларни тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилади.

Илк босқичда Beeline Uzbekistan IТ-касбларини оммалаштириш ва Ўзбекистон ёшларини мамлакат иқтисодиётини рақамлаштиришда бевосита иштирок этувчи соҳаларга жалб этишга қаратилган лойиҳага $150 минг сармоя киритди. Университет билан ҳамкорлик янги уфқларни очади ҳамда IТ-мутахассисларни тайёрлаш тизими платформасини яратишга имкон беради.

TIUE — Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётининг реал сектори эҳтиёжлари учун ахборот технологиялари, таълим ва бизнес бошқаруви йўналишлари учун олий маълумотли юқори малакали мутахассислар тайёрлайдиган Ўзбекистондаги хусусий олий ўқув юртларидан бири ҳисобланади. Шунингдек, “Beeline Academy” билан ҳамкорликда республика бўйлаб иқтидорли ёшлар учун курслар ва тренинглар ўтказиш мақсадида ўқитувчиларни тайёрлаш режалаштирилган.

Носир Хўжаев, ТIUE ректори: “Таълим соҳаси ҳар доим ҳам меҳнат бозорининг талаблари ва янги технологияларнинг пайдо бўлиши билан мос келавермайди. Шу боис рақамли лойиҳаларни амалга оширишда ва IТ соҳасида кенг тажрибага эга йирик корхоналарнинг иштироки жуда муҳим. Биз Beeline Uzbekistan'га университетимиз негизида шундай улкан лойиҳани яратгани учун миннатдормиз. Ишончим комилки, “Beeline Academy" битирувчилари ахборот технологиялари соҳасида энг муваффақиятли ва катта талабга эга мутахассислар қаторига қўшилади”.

Андрзеж Малиновски, Beeline Uzbekistan бош директори: “Ёшларга сифатли таълим бериш ва рақамли технологиялар соҳасида корпоратив маданиятни шакллантириш компаниянинг дигитал-операторга айланиш жараёнида муҳим вазифага айланади. Биз ўз олдимизга EduTech йўналишида ҳам етакчи бўлишни мақсад қилганмиз. “Beeline Academy” ишга туширилиши бу йўналишдаги муҳим қадамдир. Янги таълим платформаси ёш истеъдодларни ўқитиш имкониятларини яратиб, уларга IТ, киберхавфсизлик ва сунъий интеллект соҳасида илғор билим ва кўникмаларни эгаллаш имконини беради. Шунингдек, келгусида ҳамкорлик қилиш учун талабалар орасидан энг иқтидорлиларини излаб, уларга ҳамкорлик таклифи билан мурожаат қиламиз”.

“Beeline Academy” лойиҳасининг муҳим жиҳати ўқув хоналарини тайёрлаш ва жиҳозлашдан ташқари, ўқув жараёнининг ажралмас қисмига айланадиган ўзининг интерактив видеостудиясини яратишдир. Студия доирасида талабалар ва ўқитувчилар масофавий таълимни такомиллаштириш, виртуал видеодарсларни ишлаб чиқиш, вебинарлар ва видеоконференциялар ўтказиш, таълим жараёнини янада қулай ва интерактив қилиш учун юқори сифатли видеоконтент яратишга ёрдам берадиган илғор технологиялардан фойдаланиш имкониятига эга бўлади.