4 октябр куни Осиё ўйинларида спорт курашлари бўйича беллашувлар старт олди. Дастлаб юнон-кураши усталари баҳсларга киришишди. Шунингдек, кун давомида оғир атлетика, велоспорт, енгил атлетика, от спорти турларида ҳам медаллар жамланмаси ўйналди.

Юнон-рум кураши

Ўзбекистон жамоасининг -67 кг вазн тоифасидаги вакили Махмуд Бахшуллоев нимчорак финалда ҳиндистонлик Наражни 5:3 ҳисобида мағлуб этган ҳолда чоракфиналга ўтди, кейинги босқичда туркманистонлик Мансур Нурбердиев 8:3 ҳисобида таслим этилди. Аммо яримфиналда ўзбекистонлик спортчи япониялик Эндо Кацуокига ютқазди (1:6) ва бронза учун курашадиган бўлди. Аммо медал учун жангда охирги очкони (1:1) қирғизистонлик Раззоқ Бейшекиев қўлга киритгани учун қоидага кўра ғолиблик унга берилди.

-60 кг вазн тоифасида иштирок этган Исломжон Баҳромов эса дастлаб виетнамлик Тиен Ҳаи Буи тўсиғидан осон ўтди (8:0), чоракфиналда хитойлик Лигуо Саони мағлуб этди (3:1), аммо яримфиналда қирғизистонлик Жўломон Чоршанбиевга ютқазди (0:11), медал учун баҳсни ҳам кореялик Чунг Ҳанжаега бой берди (4:5).

-77 кг вазн тоифаси вакили Дилшод Омонгелдиев дастлаб эронлик Амин Кавиянинажотга мағлуб бўлди (3:5), эронлик спортчи финалга чиққанидан кейин бронза учун ўтиш баҳсларида қатнашадиган бўлди, аммо илк босқичда кореялик Ким Ҳёнгвуга ютқазди (3:6) ва бронза медал учун курашдан чиқди.

-87 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Жалгасбай Бардимуратов эса ишончни тўла оқлади.

У дастлаб қозоғистонлик Максат Сайловни мағлуб этиб (11:0), яримфиналга ўтди. Кейинги босқичда япониялик Суми Масатодан устун келди (3:1). Финалда эса эронлик Носир Ализодани таслим қилиб (7:4), Ўзбекистон ҳисобига навбатдаги олтин медални қўшиб қўйди.

Енгил атлетика

Енгил атлетика бўйича Ўзбекистон жамоаси аъзоси Шарифа Давронова уч ҳатлаб сакраш дастурида олтин медалга сазовор бўлди.