Жамият | 17:00 / 05.10.2023
19262
3 дақиқада ўқилади

Қурилишда сифатсиз металл маҳсулотлардан огоҳ бўлинг—Давлат назорати департаменти

Республикамиз ҳудудларида улкан ҳажмдаги қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Бунинг натижасида юртимизда бир-биридан шинам турар жойлар ва осмонўпар бинолар қад кўтармоқда.

Пўлат лист маҳсулотларни қайта ишлаш орқали томларни ёпишда фойдаланиладиган гофрасимон букилган пўлат лист (профнастил) маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Бироқ сифатсиз хомашёлардан фойдаланилганда ушбу тайёр маҳсулотлар салбий оқибатларга олиб келиши табиий ҳолат.

Мисол тариқасида 2020 йилнинг апрель ойида Бухоро вилоятида содир бўлган кучли шамол оқибатида стандарт талабларига жавоб бермайдиган пўлат листдан ишлаб чиқарилган профнастил билан қопланган 5 мингдан ортиқ аҳоли турар жойлари ва ижтимоий соҳа объектларига зарар етказилган.

 

Қурилишларда сифатсиз маҳсулотлардан фойдаланишнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг Департаменти томонидан пўлат лист маҳсулотларини импорт қилувчи 20 та хўжалик юритувчи субъектларда назорат тадбирлари ўтказилди. Натижада, текширилган қиймати 15,9 млрд сўмлик 55 та пўлат лист маҳсулоти тамғаланиши бўйича ва қиймати 1,8 млрд сўмлик 8 турдаги пўлат лист техник регламент ва стандарт талабида белгиланган сифат кўрсаткичларига мувофиқ эмаслиги аниқланди ҳамда реализация қилиниши тақиқланиб сифатсиз маҳсулотлар реализацияси олди олинди.

Жумладан, Хитойдан импорт қилинаётган полимер қопламали рухланган пўлат лист маҳсулотларининг аксарияти ГОСТ 34180 стандарт талабларида белгиланган сифат кўрсаткичларга мувофиқ эмаслиги, яъни рух қопламаси 60 гр/м2 ўрнига 40 гр/м2, полимер қопламаси 18 мкм ўрнига 4-6 мкм ва грунт қопламаси қалинлиги 7 мкм ўрнига 2-4 мкм эканлиги аниқланган. Бу каби сифатсиз пўлат листни қайта ишлаш орқали ишлаб чиқариладиган рангли профнастил маҳсулотларидан том ёпишда фойдаланилганда қуёш нурлари тўғридан тўғри тушиши оқибатида маҳсулотнинг полимер ва грунт қопламалари қисқа муддатларда ўз хусусиятларини йўқотилишига ҳамда ҳаво намлиги таъсирида коррозияга олиб келади.

Бундан ташқари 2,7 млн АҚШ долларига тенг бўлган пўлат лист маҳсулотларнинг республика ҳудудига кириб келиши олди олинди. Пўлат лист маҳсулотларининг сифати доимий назоратга олинган ва аниқланган ҳолатлар юзасидан тегишли чоралар кўрилиб, маҳсулот республика ҳудудига киритилишига тақиқ ўрнатилди.

Мавзуга оид