Ўзбекистон | 08:30 / 06.10.2023
5306
2 дақиқада ўқилади

АЭХА Ўзбекистонга онкология бўйича кадрлар салоҳияти лойиҳаси учун 2,5 млн евро ажратади

Атом энергияси бўйича халқаро агентлик янги ташкил этилаётган янги миллий онкология маркази учун Ўзбекистон мутахассислари салоҳиятини мустаҳкамлашда иштирок этиш ниятида эканини маълум қилди. 

Фото: Дунё

Вена шаҳрида Ўзбекистон делегацияси иштирок этган Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА) бош конференциясининг навбатдаги сессияси ўз ишини якунлади, деб хабар бермоқда "Дунё".

Ташриф давомида делегация таркибидаги Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Фаррух Шарипов агентлик мутасаддилари билан қатор учрашувлар ўтказди. 

Учрашувларда Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан тиббий таъсир пайтида радиациядан ҳимоя қилиш бўйича АЭХА хавфсизлик андозаларини амалга ошириш жараёнида ўзаро ҳамкорликнинг ижобий ўсувчанлиги қайд этилди. Агентлик янги ташкил этилаётган янги миллий онкология маркази учун Ўзбекистон мутахассислари салоҳиятини мустаҳкамлашда иштирок этиш ниятида эканини маълум қилди. Тошкент Онкология диспансери терапия бўлимларини модернизация қилиш бўйича ҳамкорликдаги ишларни давом эттиришга келишиб олинди.

АЭХАнинг келгуси уч йил давомида Ўзбекистондаги онкология марказларининг кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш лойиҳасини амалга ошириш учун 2,5 миллион евро ажратиш ниятини аниқ келишувлар мисоли сифатида қайд этиш мумкин.

Конференция доирасида Ўзбекистон делегацияси "Марказий Осиёда диагностик радиологияда сифат ва хавфсизликни яхшилаш" мавзусидаги шуъба тадбирида иштирок этди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид