Украина ИИВ дастлабки маълумотларга кўра, зарба «Искандер» ракета комплекси билан берилгани ҳақида хабар берди.

Украина бош прокуратурасига кўра, портлаш 5 октябр куни маҳаллий вақт билан соат 13:25 да Гроза қишлоғида рўй берган, бу ерда 300 га яқин киши яшаб келган.

«Фуқаролик объектига — қишлоқдаги кафе-дўконга зарба қайд этилди», — дейилган идора хабарида.

Украина ички ишлар вазири Игор Клименконинг хабар беришича, зарба берилган вақтда кафедаги одамлар поминка (маърака) маросимида қатнашаётган бўлган.

«Бу ерда қишлоқда вафот этганлардан бирининг поминкаси ўтказилаётган бўлган. Қишлоқда жами 300 киши яшаган, ҳар бир уйдан камида бир киши поминкада бўлган», — деган Клименко украин телемарафони эфирида.

Унинг сўзларига кўра, портлаш оқибатида кафе ва унинг яқинидаги дўкон буткул вайрон бўлган.

Қурбонлар орасида - саккиз ёшли бола ҳам бор, яна бир бола тан жароҳати олган.

Ракета келиб тушган жойда ишлаётган қутқарувчилар
Yakiv Lyashenko / EPA / Scanpix / LETA

Харкив области маъмурияти раҳбари Олег Синегубовнинг сўзларига кўра, қурбонларнинг барчаси Гроза қишлоғида яшаб келган аҳоли вакиллари эди.

Харкив областида 6-8 октябр қурбонлар хотирасига мотам кунлари деб эълон қилинган.

Россия томони зарба юзасидан изоҳ бермаган.

Украина президенти офиси раҳбари Михайло Подоляк қишлоққа ҳужум ҳеч қандай ҳарбий мантиққа тўғри келмаслигини билдирган.

Ҳозирда Испанияда Европа етакчилари билан учрашувда бўлиб турган Володимир Зеленскийнинг ўзи телеграм каналида зарба ҳақида биринчилардан бўлиб хабар берди.

«Яқинлари ва дўстларини йўқотган барчага ҳамдардлик билдираман! Яраланганларга ёрдам кўрсатилади», — дея ёзган у.

«Россияни ҳалигача қўллаб-қувватлаётган ҳар бир киши ёвузликни қўллаб-қувватламоқда. Бу ва шунга ўхшаш терактлар Россияга фақат бир нарса учун керак: ўзининг геноцидли тажовузкорлигини бутун дунё учун янги нормага айлантириш учун. Ва мен ҳаётни ҳимоя қилишда бизни қўллаётган ҳар бир етакчи, ҳар бир халққа миннатдорчилик билдираман!» — деган яна Зеленский.