Жаҳон | 12:15 / 07.10.2023
5366
2 дақиқада ўқилади

Испания ракетаси биринчи марта суборбитал парвозни амалга оширди

Miura 1 мини-ракетаси 46 километр баландликка кўтарилди ва атиги беш дақиқалик парвоздан сўнг Атлантика океанига қўнди. Бу - Европада биринчи шундай хусусий парвоз.

Фото: Getty images

Испаниянинг PLD Space компанияси 7 октябр, шанба куни Miura 1 суборбитал ракета ташувчини учирди. Бу - Европада биринчи хусусий ракета парвози. El Mundo газетасининг ёзишича, у Испанияда тўлиқ ишлаб чиқилган ва қурилган биринчи ракета бўлиб, унинг учирилиши аниқ об-ҳаво шароитини талаб қилади. «Учиришнинг якуний мақсади технологияни реал шароитда синаб кўрадиган биринчи парвоз синовларини ўтказишдир», — дейилади маълумотда

Ракета Кадис кўрфазидан 46 километр баландликка кўтарилди ва бор-йўғи беш дақиқа парвоздан сўнг Атлантика океанига қўнди, у ерда компания жамоаси уни сувдан олиб чиқиши керак. Баландлиги 11 метр, юк кўтариши 100 кг бўлган мини-ракета 35 метр баландликдаги икки поғонали ракета ташувчи - Miura 5’ни яратишда биринчи қадамдир. PLD Space компаниясининг режаси Miura 5 ракеталаридан оғирлиги 500 килограммдан кам бўлган тижорат ва илмий сунъий йўлдошларни 2025 йилдан бошлаб Ер паст орбитасига олиб чиқиш учун фойдаланишдан иборат. Miura 1 учун ишлаб чиқилган компонентларнинг 70 фоизи Miura 5 учун ишлатилиши режалаштирилган. 

Май ойида ракета парвозининг биринчи уриниши кучли шамол туфайли тўхтатилган эди. Июн ойидаги иккинчи уриниш авионика бўшлиғидаги кабеллар ўз вақтида узилмагани туфайли ракетадан тутун ва аланга пайдо бўлиши сабабли муваффақиятсиз тугади.

Мавзуга оид